НАТО Бош котиби Россияни Асад жиноятларига шерик деб атади

Олам

image
Асад режими остидаги Сурия қамоқхоналаридан озод қилинганлар ҳақида нималар маълум? (видео) north_east

Асад режими остидаги Сурия қамоқхоналаридан озод қилинганлар ҳақида нималар маълум? (видео)

НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия ва Эрон Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад жиноятларига шерик экани ва режимнинг қулаши ушбу икки давлатнинг “ишончсиз шериклар” эканини кўрсатганини айтди. Бу ҳақда кеча, 9 декабрь куни “Agence France-Presse” хабар берди.

“Россия ва Эрон Асад режимининг асосий қўллаб-қувватловчилари бўлган ва улар Сурия халқига қарши содир этилган жиноятлар учун масъулиятни баҳам кўрган. Шунингдек, улар ишончсиз ҳамкор эканини исботлаб, Асад ўзларига фойдаси йўқ бўлганда уни ташлаб кетишди”, деган Рютте.

У Асад ҳукмронлигининг тугашини “Сурия ва минтақа халқи учун қувончли лаҳза, бироқ айни пайтда ноаниқлик” деб атади.

“Биз ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилиши ва Сурия бошчилигидаги инклюзив сиёсий жараённи кутмоқдамиз”, деди Шимолий Атлантика альянси раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, НАТО ушбу ўтиш даврида исёнчилар етакчиларининг ўзини қандай тутишини диққат билан кузатиб боради.

“Улар қонун устуворлигини таъминлаши, тинч аҳолини ҳимоя қилиши ва диний озчиликларни ҳурмат қилиши керак”, деб таъкидлади Рютте.

Европа Иттифоқи ҳокимиятнинг тартибли ва тинч йўл билан ўтишини ёқлайди

Европа Иттифоқи давлатлари Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Сурияда ҳокимиятни “тартибли, тинч ва инклюзив тарзда ўтишга” чақирди.

“Бугун биз мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам умидга тўлган, аммо келажакнинг ноаниқлигидан қўрққан барча сурияликлар билан биргамиз. Жавобгарлар жавобгарликка тортилади”, деди Европа  Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас .

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ва унинг оиласига сиёсий бошпана бериш қарорини Россия Президенти Владимир Путин қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Суриядаги вазият ҳақида гапирар экан, у ерда содир бўлган воқеа бутун дунёни ҳайратда қолдиргани ва Кремль бу ҳолатдан истисно эмаслигини айтган. Путин матбуот котибининг сўзларига кўра, Сурия “беқарорлик билан боғлиқ жуда оғир даврни” кутмоқда, бироқ Кремль Сурия ишлари бўйича барча минтақа давлатлари билан мулоқотни давом эттиради.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Бош котиби Марк Рютте

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг