Нашид тарқатгани учун қамалган Улуғмуродов уй қамоғига чиқарилдими?
Жамият
−
16 Май 2023
21279Тошкент вилояти Оққўрғон туманида нашид тарқатгани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовнинг уй қамоғига чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ вазиятга аниқлик киритиш мақсадида айбланувчининг адвокати ва отаси билан боғланди.
Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг маълум қилишича, уй қамоғига чиқиши ва жазонинг енгиллаштирилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
“Апелляция муддати борлиги сабабли ҳозирда суд ҳукмининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги жиноят иши ҳужжатлари билан бирга ўрганилмоқда. Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун яқинлари томонидан 4 нафар адвокат ёлланган”, дейди у.
Шунингдек, Улуғмуродовнинг отаси ҳам уй қамоғи билан боғлиқ хабарларни рад этди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Telegram’даги гуруҳга нашид тарқатган 20 ёшли йигит 3 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Айбланувчи ўзига тегишли бўлган iPhone-X телефонида очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидларни 10 нафар аъзоси бўлган “Алҳамдулиллаҳ” номли гуруҳга тарқатганлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра, Жаҳонгир Улуғмуродовга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь