Наманганда терговчи ва адвокат 40 минг доллар билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
04 Июнь 2885 1 дақиқа
Наманган вилоятида фуқарога қўзғатилган жиноий ишни тугатиб юбориш эвазига 40 минг доллар талаб қилган терговчи ва адвокат қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган вилояти ИИБ Тергов бошқармаси терговчиси ўзининг иш юритувида бўлган, Чуст туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб, тугатиб юбориш эвазига ишга алоқадор бўлмаган адвокат орқали 40 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Чуст туманида ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлар ҳайъати адвокати гумонланувчининг отасидан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, адвокатдан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида терговчининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Билдирилишича, ҳозирда терговчига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан, адвокатга эса Жиноят кодексининг 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда давлат ҳисобидаги ерни тадбиркор номига ўтказиб бермоқчи бўлган туман ҳокимияти мансабдори ва Фарғонада 2,5 миллиард сўм кредитни 5 фоиз улуш эвазига таниш тадбиркорга чиқариб бермоқчи бўлган банк бўлими раҳбари қўлга олинган эди.
Live
Барчаси