Наманганда нончилар ном талашди (видео)
3-саҳифа
−
15 Май 7852 2 дақиқа
Жорий йилнинг 13 май куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Қўшминор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Патир-нон” билан савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ўртасида жанжал акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Наманган вилояти ИИБ томонидан атрофлича ўрганилган. Аниқланишича, юқорида кўрсатилган ҳудудда савдо қилувчи Фарғона вилояти, Данғара туманида яшовчи 1997 йилда туғилган “Санжар патир” номи остида савдо қилувчи фуқаро С.Ш. шу ҳудудда яна бир “Санжар патир” номи остида савдо қилаётган Фарғона вилояти, Данғара туманида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро Х.А.нинг савдо шохобчаси олдига бориб, тадбиркорлик номини ўзлаштириб олганликда айблаб, ўзбошимчалик билан Х.А.нинг мол-мулкига қасддан шикаст етказган.
Ўтказилган терговга қадар текширув давомида барча иштирокчиларнинг шахсига аниқлик киритилиб, ушбу ҳодиса бўйича бирор бир шахс тан-жароҳати олмагани аниқланган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Поп тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, фуқаро С.Ш.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61²-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 200-моддаси (ўзбошимчалик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва тўпланган ҳужжатлар қонуний ҳал этиш учун жиноят ишлари бўйича Поп туман судига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Термиз шаҳрида безорилик ҳаракатларини содир этган бир гуруҳ шахслар қўлга олинганди.
Live
Барчаси