Нью-Йоркда оила аъзоларини ўлдирган ўзбекистонлик 200 йилга қамалиши мумкин
Олам
−
22 Июль
20851АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик оиланинг 4 нафар аъзоси ўлдириб кетилгани, қурбонлар қотилнинг 56 ёшдаги онаси, акасининг 27 ёшли аёли ва 4 ва 5 ёшли жиянлари эканлиги ҳақида хабар берилганди.
Бруклинда ушбу қотилликни содир этган шахснинг исми Шаҳбоз Ражаббоев эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда “New York Daily News” хабар берди.
Нью-Йорк полицияси кеча, 21 июль куни Бруклиндаги қотилликни содир этган 24 ёшли эркакка қарши расмий айбловни эълон қилди. Нашрнинг ёзишича, оила қотилига 4.1 ва 4.2-даражали қотилликни амалга оширганлик айблови билан жами 200 йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
“New York Post” нашри оила қўшниларига таяниб берган маълумотида гумонланувчининг руҳий носоғлом бўлиши мумкинлиги ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишини келтириб ўтган. Бироқ судга Ражаббоевнинг тармоқдаги рақамли изларидан унинг руҳий соғлом ва гиёҳванд бўлмаган ҳолда жиноятга қасддан қўл ургани маълум бўлди. Эркакнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари Ражаббоевнинг АҚШдаги энг йирик банклардан бири – Bank of America’да ишлаганини кўрсатади.
АҚШ қонунчилигига кўра, мамлакатда қотиллик даражаларга қараб турланади. Одам ўлдиришнинг энг оғир тури 1-даражали қотиллик бўлиб, бу қасддан одам ўлдиришдир. 2-даражали қотиллик эса жаҳл устида, яъни режалаштирмаган ҳолда одам ўлдиришга айтилади. Баъзи ҳолларда қотиллик тафсилотига қараб, инсон бирданига бир инсон ўлими учун 1 ва 2-категорияда қотилликни амалга оширишда айбланиши мумкин. Нью-Йорк Американинг ўлим жазоси қўлламайдиган штати ҳисобланади. Бу жиноят учун Ражаббоев ҳар бир 1-тоифа қотиллиги учун 25 йилдан умрбод қамоқ жазоси ҳамда 2-тоифа қотилликнинг ҳар бири учун 25 йилгача қамоқ жазоси, жами 200 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Пенсильвания штатида ўзбекистонлик аёл собиқ эри томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. Аёлнинг 44 ёшли Ал Аллаберг исмли собиқ турмуш ўртоғи унинг хонадонига бостириб борган ва унинг кўкрак қафасига бир неча марта ўқ узган. Собиқ хотинининг ўлганига ишонч ҳосил қилган Аллаберг ўзининг бошига ўқ отиб, жонига қасд қилган.
LiveБарчаси