Нью-Йоркда ИШИДни қўллаб-қувватлаган тожикистонлик ҳибсга олинди

Олам

image
Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги урушларда неча тожикистонлик ҳалок бўлган? north_east

Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги урушларда неча тожикистонлик ҳалок бўлган?

Нью-Йоркда 33 ёшли Тожикистон фуқароси Мансур Манучеҳрий ИШИД (АҚШда террорчилик ташкилоти деб тан олинган) ва унинг “Вилояти Хуросон” (ИШИД-К) ячейкасини молиялаш, ноқонуний ўқотар қурол сақлаш ва иммиграция фирибгарлигида гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.

Департамент маълумотларига кўра, Манучеҳрий 2016 йилнинг июнь ойида Тожикистондан АҚШга туристик визаси билан келган, бироқ унинг муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда қолган. 2017 йилнинг март ойида у қонуний мақомга эга бўлиш учун АҚШ фуқаросига сохта никоҳ тузиш учун пул тўлаган, бироқ талаб қилинадиган ҳужжатларни тақдим этмагани учун рад этилган.

2021 йилнинг декабридан 2023 йилнинг апрелигача у Туркия ва Суриядаги ИШИДга алоқадор шахсларга, жумладан, 2024 йилнинг январида Истанбулдаги черковга ҳужум қилишда гумон қилиниб, турк ҳукумати томонидан ҳибсга олинган шахсга 50 минг доллардан ортиқ маблағ ўтказилишига ёрдам бергани айтилади.

Бундан ташқари, вазирлик маълумотларига кўра, Манучеҳрий ўқотар қуролга эга бўлган ва ундан фойдаланган, унга бундай қилиш тақиқланган. 2022 йилнинг февраль ойида у Нью-Жерсидаги полигонда автоматдан ўқ узаётганини тасвирга олган. Манучеҳрий видеони Туркиядаги ИШИДга алоқадор шахсга “Худога шукур, мен тайёрман, ука” деган ёзув билан юборган.

Бош прокурор Пэм Бондининг айтишича, АҚШ ҳукумати Америка фуқароларига зарар етказмоқчи бўлганларни топиш, ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш мажбуриятини олади.

“Федерал, штат ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларимиз америкаликларнинг хавфсизлигини ва кўчаларимизни ёвузликдан холи сақлаш учун ҳаракат қилаётганларида мен улар билан биргаман”, деган у ўз баёнотида.

Агар Манучеҳрий айбдор деб топилса, максимал 45 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

2024 йилнинг июнь ойида Қўшма Штатлар ИШИДга алоқадор бўлган тожикистонлик саккиз кишини ҳибсга олди. ОАВ хабарларига кўра, улар АҚШга мамлакат жанубий чегараси орқали кириб борган. Улардан икки нафари 2023 йилнинг баҳорида чегарани кесиб ўтган, бири эса собиқ президент Байден маъмурияти томонидан мигрантларга бошпана сўровларини режалаштириш имконини бериш учун яратилган CBP One иловасидан фойдаланган. Саккиз кишининг барчаси Қўшма Штатларда қолишга муваффақ бўлди, чунки дастлабки текширув вақтида улар томонидан ҳеч қандай хавф аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИШИД Нью-Йорк тожикистонлик Мансур Манучеҳрий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг