Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги урушларда неча тожикистонлик ҳалок бўлган?
Олам
−
18 Февраль
5297Ироқ, Афғонистон ҳамда Суриядаги ҳарбий амалиётларда 2566 нафар Тожикистон фуқароси қатнашган, шундан тасдиқланган маълумотларга кўра, 1455 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода жорий йилнинг 13 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазир бу маълумотлар қайси йилларга тегишли эканини очиқламади. Ўтган йили Тожикистонда 5 та террорчилик ҳаракати ва уринишлари қайд этилган бўлиб, шундан 3 таси террорчилик кўринишида содир этилган. Барча терактлар Кўлоб шаҳрида содир бўлган, оқибатда икки киши ҳалок бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари, вазирнинг сўзларига кўра, шунингдек, терактлар содир этишга икки марта уринишларни ҳам фош этган ва олдини олган, бироқ у бу амалиётлар тафсилотларини ошкор қилмаган. Шу билан бирга, ушбу жиноятлар бўйича қанча одам қўлга олингани ҳам номаълум.
Бундай ҳужумлардан бири сифатида Кўлобдаги ХДП раиси Салим Сайвализодага суиқасд бўлгани тахмин қилинган. У 2024 йил 5 январь куни Тўдакафши шаҳарчасида содир бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, Бахтиёр Мажидзода ва унинг тўққиз шериги Сайвализоданинг уйи яқинида хизмат машинасини портлатиб юборган, оқибатда у жароҳатланган. Ички ишлар вазири воқеани “террорчилик ҳаракати” деб атади.
Тожикистон Бош прокуратурасининг билдиришича, жиноятчилар аҳолини қўрқитиш мақсадида партия раҳбарини атайлаб танлаган. Ушбу жиноятда гумон қилинганлар турли муддатларга – 8 йилдан умрбод қамоқ жазосигача ҳукм қилинган.
Шунингдек, Рамазон Раҳимзода 2024 йилда мамлакатда 1750 та террористик ва экстремистик жиноятлар фош этилгани, бунинг натижасида турли экстремистик ташкилотларнинг 365 аъзоси ва тарафдорлари қўлга олингани ҳақида маълум қилди.
“Қидирувда бўлган ушбу ташкилотларнинг 401 нафар аъзоси қўлга олинди, 499 нафари ўз ихтиёри билан қайтди. Шунингдек, терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ 212 та ҳолат аниқланиб, уларда 112 киши қўлга олинди”, деди вазир.
Айни пайтда Тожикистон Бош прокурори Ҳабибулло Воҳидзода 14 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакатда ўтган йили 1494 та террористик ва экстремистик жиноятлар (2023 йилда – 1228 та) қайд этилгани, бу 2023 йилга нисбатан 226 та (17,8 фоиз) кўп эканини маълум қилди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда Тожикистоннинг 2566 нафар фуқароси қатнашган, улардан тасдиқланган маълумотларга кўра, 1455 киши ҳалок бўлган.
Ўтган йили 143 нафардан иборат 10 оила ортга қайтарилган. 2015 йилдан буён экстремистик ва террористик ташкилотларга аъзо бўлган 113 оила (1444 нафар) қайтарилган.
Шунингдек, Раҳимзода ёшларнинг террористик гуруҳларга қўшилиб кетишининг асосий сабабларидан бири маърифатнинг пастлиги, уларнинг онгига радикал ғояларнинг кириб келиши эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги тергов изоляторида бўлиб ўтган суд мажлисида “давлат тўнтариши иши”га алоқадор таниқли шахслар ҳукм эълон қилинишидан аввал ўз айбини тан олмаслигини билдирганди.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель