Мустақил Қирғизистон руслашишга илк қадамни ташлади
Олам
−
02 Ноябрь 2023
16993Қирғизистонда рус тилини ўрганиш бўйича биринчи ёрдам маркази очилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Биринчи шундай марказнинг очилиш маросими Кант шаҳрида (Чуй вилояти) бўлиб ўтган. Янги марказ Чуй вилоят кутубхонаси биносида иш бошлаган.
Умуман олганда, Қирғизистонда рус тилини ўрганиш бўйича учта марказ фаолият юритади. Улар Кантдаги марказдан ташқари Норин давлат университети (Норин вилояти) ва Талас давлат университетида (Талас вилояти) жойлаштирилади.
“Гап рус тилини ўрганиш, Россия ва Қирғизистон маданияти билан танишиш, ижодий учрашувлар ва мунозаралар ўтказиш мумкин бўлган янги замонавий таълим майдонлари ҳақида кетмоқда”, дея тушунтирган Россотрудничество вакили.
Россотрудничество марказларни зарур мебель, жиҳозлар ва адабиётлар билан таъминлаган. Уларни жиҳозлашда “Русский мир” жамғармаси, “Альянс Алтын” компанияси ва Норин давлат университети ҳам ёрдам кўрсатган.
“Умид қиламизки, марказларнинг ташкил этилиши рус тилини ўрганиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди, юқори сифатли ўқув адабиётлар мавжудлигини оширади, марказларнинг ўзи ёшлар ва рус тили, Россия ва Россияда таълим имкониятларига қизиққан ҳар бир киши учун диққатга сазовор жойга айланади. Марказлар нафақат талабалар, балки Норин, Талас ва Кант шаҳарларининг бошқа аҳолиси учун ҳам очиқ бўлади”, дейди Россотрудничество раҳбари ўринбосари Павел Шевцов.
Кант шаҳрида рус тилини ўрганиш бўйича биринчи ресурс марказининг очилиш маросимида Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги, маҳаллий ҳокимият органлари ва Россиянинг республикадаги элчихонаси вакиллари иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида рус тили Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида миллатлараро тил сифатида тан олинди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мазкур саммитга келар экан, Россиянинг мақсадларидан бири айнан мана шу эканини яширмаган. У 12 октябрь куни, ҳали саммит бошланмасиданоқ МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида рус тилининг мақомини оширишни муҳокама қилган эди.
LiveБарчаси