Муддати ўтган дориларни сотган икки дорихона раҳбарлари ушланди
Crime
−
10:35 524 2 minutes
Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларида икки дорихона раҳбарлари сифати кафолатланмаган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни савдога қўйгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Поп тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Н.М.” МЧЖ раҳбари М.А. нинг (муқаддам судланган) “Сумалак гузари” МФЙ ҳудудидаги дорихонада сифати кафолатланмаган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни савдога қўйгани аниқланган. Ундан 203 турдаги 2 453 қути дори воситалари ва тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, департаментнинг Чуст тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Х.Н.” МЧЖ раҳбари Ш.С. нинг “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги дорихонада сифати кафолатланмаган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситалари ҳамда тиббий буюмларни савдога қўйгани аниқланган. Ундан 648 турдаги 3 859 қути дори воситалари ва тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-12-моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий жиҳозларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда 502,7 млн сўмлик давлат рўйхатидан ўтмаган ва яроқлилик муддати ўтган дорилар муомалага киритилишининг олди олинган эди.
Live
All