Москвадаги мигрантлар ётоқхонасида кучли ёнғин бўлди (видео)

Олам

image

Бугун, 31 январь куни эрталаб Москванинг шимоли-ғарбидаги ётоқхона жойлашган бинода кучли ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Ёнғин Тушинская метро бекатидан унча узоқ бўлмаган Сходненский тор кўчасидаги икки қаватли узун маъмурий бинода қайд этилган. Дастлаб ёнғин майдони 1,5 минг квадрат метрни ташкил этгани маълум қилинган, аммо ёнғин тезда тарқалган ва тез орада икки минг квадрат метр майдонни қамраб олган. Ёнғин оқибатида фойдаланилмаётган бинонинг томи қулаб тушган.

“Ўт ўчириш бригадаси етиб келгунига қадар 300 киши ётоқхонани тарк этган”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида.

Қутқарувчилар етиб келгач, яна 60 киши бинодан эвакуация қилинди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ. Қутқарувчилар бинони кўздан кечиришга муваффақ бўлишди, бироқ у ерда ҳеч қандай одам топилмади.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва бўйича бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Иля Мисуннинг сўзларига кўра, ўт ўчирувчилар ёнғиннинг ётоқхонага ўтишининг олдини олишга муваффақ бўлган.

Ётоқхонадаги ёнғинни ўчириш учун 155 нафар мутахассис ва 45 бирлик техника жалб қилинган. Улар орасида вертолётлар ва ўт ўчириш поезди ҳам борлиги айтилмоқда.

“Тушино туманида жойлашган бинолардаги ёнғинни ўчиришга ёрдам бериш учун ёнғин ўчириш поезди чақирилди. У 150 тонна сув ва 4 тонна кўпикли моддалар солинган резервуарлардан иборат”, дея хабар берди "Москва темирйўллари".

Катта ёнғин юки ва юқори ҳарорат туфайли ўт ўчирувчилар учун ёнғинни локализация қилиш қийин бўлди. Ёнғинни ўчиришда Москва авиация марказининг учта Ка-32 вертолёти ва битта Ми-26 вертолёти иштирок этиб, ёнғин устига 100 тоннадан ортиқ сув ва кўпикни ташлади.

Шу билан бирга, ёнғиннинг тез тарқалишига ўт ўчирувчиларнинг кечикиб чақирилиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, ичкаридаги одамлар дастлаб ётоқхонага ёйилган ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилишган. Бироқ ёнғинни аниқлаган ётоқхона масъул ходими ўт ўчирувчиларни чақирган ва одамлар тезда нарсаларини йиғиб, бинони тарк этган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тушино ётоқхонасида қурилиш майдончасида ишлаган муҳожирлар жойлашган.

Ёнғиннинг аниқ сабаблари эълон қилинмаган, бироқ бу электр симларининг носозлиги ёки электр тармоқларининг авариявий иш режими туфайли юз берган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Тушино прокуратураси тафсилотларни аниқламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Москва ётоқхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг