Москвада мигрантларни кузатувчи илова ишга тушяпти
Олам
−
26 Август 5959 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украина фуқаролари Москва шаҳри ва Москва вилоятига ишлаш учун борганда махсус “Амина” мобил иловасини ўрнатиши мажбурий бўлади. Бу ҳақда Россия Кўп функцияли миграция маркази хабар берди.
“Амина” орқали кўп функцияли Миграция маркази манзили бўйича рўйхатдан ўтиш, яшаш манзили (хорижий фуқаро мунтазам равишда дам оладиган ва тунайдиган жой) ҳақида Ички ишлар органларини масофадан туриб хабардор қилиш ва уни мобил илова интерфейси орқали ўзгартириш мумкин бўлади.
Иловани ўрнатиш хорижий фуқаролар томонидан мустақил равишда, Миграция маркази ёки Россия Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимларига бормасдан амалга оширилади.
Мобил иловага кириш учун амал қилаётган хорижий фуқаро картаси талаб қилинади. Уни расмийлаштириш учун хорижий фуқаро Миграция марказига мурожаат қилади. Агар карта йўқолган бўлса, “Амина” иловасидан паспорт маълумотлари асосида фойдаланиш мумкин.
Шундан сўнг илова Россия ИИВга геолокация маълумотларини узатади. Агар бир неча кун давомида маълумотлар юборилмаса, хорижий фуқаро яшаш манзилини тасдиқлаш ёки унинг ўзгариши ҳақида ИИВни хабардор қилиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олади. Бунинг учун ИИВ бўлимларига ёки Миграция марказига бориш талаб этилмайди.
Агар охирги мониторинг санасидан бошлаб уч иш кунидан ортиқ вақт мобайнида абонент қурилмасидан геолокация маълумотлари келмаса, хорижий фуқаро Миграция маркази манзили бўйича ҳисобдан чиқарилади.
Эксперимент бошлангач, мониторинг шартлари бузилиши хорижий фуқаро ҳақида маълумотни “Назорат қилинадиган шахслар реэстри”га киритиш учун асос бўлиши мумкин.
Агар хорижий фуқаро тажриба ўтказилаётган ҳудуддан ташқарида миграция ҳисобига қўйилса ёки мамлакатдан чиқиб кетса, у Миграция маркази манзили бўйича ҳисобдан чиқарилади ва бу ҳақда “Амина” иловаси орқали хабарнома юборилади.
Келгусида, мониторинг функцияларидан ташқари, иловада фойдаланувчилар учун қўшимча имкониятлар ҳам пайдо бўлади. Масалан, патент тўловини амалга ошириш, Миграция марказига ташриф буюриш учун олдиндан навбат олиш ва бошқа хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Эксперимент бошланишидан олдин иловадан тест режимида фойдаланиш мумкин, бу унинг функцияларини олдиндан ўрганишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думасига вояга етмаган мигрантларнинг мамлакатга киришини чеклаш бўйича қонун лойиҳаси киритилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси