Москва эртанги намойишларга тайёргарлик кўрмоқда

Олам 7165
image

Аввалроқ, россиялик мухолифатчи Навальнийнинг жамоаси эртага, 31 январь куни “Навальнийга озодлик” шиори остида янги намойишлар ўтказмоқчилиги тўғрисида хабар берган эдик.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги Бош бошқармаси Матбуот хизматининг маълум қилишича, эртага бўлиб ўтадиган рухсатсиз намойишлар вақтида пойтахт марказида пиёдалар ҳаракати чекланади ҳамда еттита метро бекати ёпилади.

Хабарга кўра, метро ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловлар ОАВ ва интернетда тарқалаётган фуқароларни рухсатсиз митингда иштирок этишга қаратилган чақириқлар билан боғлиқ.
 
Москва полицияси фуқароларни рухсатсиз митинглар, намойишлар, кортежлар ва пикетларда иштирок этишга чақириш ва қатнашиш учун жавобгарлик, шу жумладан жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 январь куни Россия мухолифати етакчиси, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний Россияга қайтди. У ўтирган самолёт ўз манзилини ўзгартириб, Москванинг Внукова аэропортига эмас, балки Шереметьево аэропортига қўнди. Навальний эса ўша вақтнинг ўзидаёқ қўлга олинди

Россиянинг Химки шаҳар суди Жазоларни ижро этиш федерал хизмати даъвосига кўра, мухолифатчи Алексей Навальнийни 30 суткага 15 февралгача қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди

Орадан кўп ўтмай, Навальнийнинг жамоаси томонидан унинг YouTube’даги каналида “Путин учун сарой” фильми тақдим этилди ва фильм бошига намойишларга чақириқ жойлаштирилди. 

Шундан сўнг, Россиянинг қатор шаҳарларида Навальнийни озод қилишни сўраб намойишлар ўтказилди. Ички ишлар вазирлигига кўра, ўша куни Москванинг Пушкин майдонида бўлиб ўтган намойишларда 5 минг киши қатнашган. Коррупцияга қарши курашиш фонди ҳисоб-китобларига кўра, ушбу намойишларда 50 минг киши иштирок этган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 216
Рейтинг: 2.9
t
×