Монополист хизматига 2,4 млрд сўм кўп ҳақ олгани аниқланди
Жамият
−
19 Июль 2019
4347Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси монопол субъект “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун юқори тўловлар олаётганини аниқлади. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита томонидан амалга оширилаётган назорат ишлари доирасида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш хизматлари бозори ўрганиб чиқилди.
Уруғларни сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш – бу уруғларнинг сифат кўрсаткичлари ишончлилигини ва давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш мақсадида экишгача бўлган зарур таҳлилларни ўтказиш жараёни бўлиб, нави ва экиш сифати юқори бўлган уруғ заҳирасини (фондини) шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир.
Тегишли сифатга эга бўлган уруғ, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳосилдорлигига, шунингдек фермер хўжаликларининг даромадига ўз таъсирини кўрсатади.
Бугунги кунда, “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси ушбу хизматни ягона етказиб берувчиси ҳисобланади ва товар ёки молия бозорларида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилган.
Ўтказилган ўрганишлар марказ томонидан кўрсатилаётган хизматларга монопол юқори нархлар қўлланилаётганлигини кўрсатди. Натижада, сертификациялаш хизматлари нархлари 18 фоизга пасайтирилди ва истеъмолчилар фойдасига 2,4 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Таъкидланишича, ўрганиш натижалари бўйича кўрилган чоралар фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалик экинларини экиши билан боғлиқ харажатларини қисқартиришга имкон беради.
LiveБарчаси