Монархияга қарши чиққан Раисийнинг сиёсат йўли қандай ўтди?
Таҳлил
−
20 Май
18729Кеча, 19 май куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Эрон-Озарбайжон чегараси яқинида қулаб тушганди. Бугун мамлакат Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанд вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганини эълон қилди. Хўш, Раисий ким эди ва унинг сиёсат йўли қандай ўтди?
Монархияга қарши чиққан Раисий
Иброҳим Раисий 1960 йил 14 декабрда Машҳадда диндор оилада туғилган. У Муҳаммад пайғамбар авлодларига мансублигини билдирувчи Сайид деган шарафли унвонга эга эди.
1975 йилда Қум шаҳридаги семинарияга ўқишга кирган. Уни тугатгандан сўнг университетда халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича таҳсил олган.
У талабалик йилларида монархияни ағдариш ғояларини қўллаб-қувватлаган ва 1978-1979 йиллардаги ислом инқилобида (Эронда монархиянинг бекор қилинишига ва Эрон Ислом Республикасининг эълон қилинишига олиб келган воқеалар) иштирок этган.
Давлат хизматида
1980 йилда Иброҳим Раисий Кереж шаҳри (Теҳрон чеккаси) суд идорасига ишга кирган ва бирмунча вақт ўтгач, бу шаҳар прокурори бўлди. 1982-1984 йилларда мамлакат шимоли-ғарбидаги Ҳамадон шаҳри прокурори бўлган. 1985 йилда Теҳрон прокурори ўринбосари этиб тайинланган.
1988 йилда Эрон олий раҳбари Руҳуллоҳ Хумайний қарори билан Кирмоншоҳ, Семнан ва Луристон вилоятларида диний ва ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун махсус ваколатларга эга бўлди.
1989 йилда Теҳрон прокурори бўлди ва бу лавозимда 1994 йилгача ишлади. Кейин 10 йил давомида Эрон Бош инспекциясини бошқарган (ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан умумий назоратни амалга оширади).
2004-2014 йилларда Раисий Олий суд раисининг ташкилий ва бошқарув масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. 2014-2016 йилларда Эрон Бош прокурори бўлган. 2016 йилда у мамлакатдаги энг йирик мусулмон диний жамғармаси – “Астана Қодсе Разавий” раҳбари лавозимини эгаллаган.
2019 йилда Раисий мамлакат Олий судини бошқарган.
Президент сайловлари
Иброҳим Раисий илк бор 2017 йилда президентликка номзодини қўйган, бироқ иккинчи муддатга қайта сайланган Ҳасан Руҳонийга ютқазган (38 фоиз, Руҳоний 57 фоиз).
2021 йил 18 июнь куни бўлиб ўтган сайловларда у 60 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонган (Моҳсен Ризоий 11,5 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган). Шу билан бирга, сайловчиларнинг иштироки 48,8 фоизни ташкил этди – бу Эроннинг замонавий тарихидаги рекорд даражада паст. У 5 август куни лавозимга киришди.
Раисий ўта консерватив сиёсий қанотга тегишли эди. У Ғарб билан муносабатларда қаттиққўл эди, бироқ Эрон ядровий келишувининг тикланишига эътироз билдирмади (Эрон ва олти халқаро воситачи ўртасида Эрон ядро дастурини тартибга солиш бўйича 2015 йилги келишув, бунинг эвазига санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлашни назарда тутган. Теҳроннинг ядровий фаолиятини чеклаш бўйича мажбуриятлари 2018 йилда АҚШдан чиқиб кетганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатди).
Раисий сайловолди дастурида қашшоқликни камайтириш, коррупцияга қарши курашиш каби масалаларга эътибор қаратган ва тўрт йил ичида муҳтожлар учун тўрт миллион янги уй қуришга ваъда берган.
Оиласи
Раисийнинг рафиқаси Жамила Аламолхода – фалсафа фанлари доктори, ёзувчи. У Маданий инқилоб Олий Кенгашининг педагогика комиссиясига раҳбарлик қилади. Раисийнинг икки нафар қизи бор.
Ўзбекистонга келган Раисий
2023 йилнинг 9 ноябрь куни Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий рафиқаси Жамила Аламолхода ҳамроҳлигида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг XVI саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олганди.
LiveБарчаси