Молиявий пирамида тузган чинозлик янги “Аҳмадбой” жазоланди

Жамият

image

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Чиноз туман бўлими томонидан молиявий пирамида ташкил этган шахс Б.Х. қўлга олинди. Бу ҳақда  Департаментнинг Чиноз туман бўлими бошлиғи Азаматхон Сайдавутов "Ҳуқуқ" нашрида ёзиб қолдирди.

У "Аҳмадбой сценарийси" асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олаверган. Вақт ўтгани сайин унинг "мижоз"лари ҳам кў­пайиб бораверади. Айнан шунинг ҳисобига Б.Х.нинг фаолияти кенгаяверган.

Ишни шу тариқа давом эттирган Аҳмадбойнинг издоши қисқа вақт ичида одамлардан 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм пул йиғиб олишга эришган. Мазкур маблағларни легаллаштириш мақсадида даст­лаб масъулияти чекланган жамияти ташкил қилади ва банк­дан ҳисоб рақам очиб, жиноий фаолиятдан олинган 402 миллион 472 минг сўм маблағни "молиявий ёрдам" сифатида киритади. Ташкил этилган МЧЖга 8 дона Nexia русумли автомашина сотиб олган.

Йиғилган маблағнинг 248 миллион 996 минг сўмини эса акциядорлик жамияти ташкил қилиб, унинг низом жамғармасини шакллантириш учун банкдаги ҳисоб рақамига киритади. Мазкур маблағ ҳисобидан яна республикада ишлаб чиқарилган 12 та турли русумдаги автомобилларни харид қилган.

Қолганини пулларни жамиятларга киритилган улушлардан ортганига ўзи учун турли кўчмас мулк объектлари, яъни турли бўш бинолар, қум олиш карьерлари харид қилган.

Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, бу шахсга пул берганлар сони салкам 350 нафарни ташкил этган. Б.Х.га нисбатан фирибгарлик, жуда кўп миқдорда валюта қимматликларини олиш, ўтказиш, ноқонуний тадбиркорлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини қасддан содир этиш каби айбловлар билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Аҳмадбой молиявий пирамида Чиноз

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг