Молия вазирлиги ходимларининг коронавирус тест натижалари шубҳа туғдирди, вазирлик масофавий ишлаш тартибига ўтди
Жамият
−
02 Апрель 2020
12451Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ходимлари коронавирус тестини топширди ва алоҳида техник ходимларнинг коронавирус тест натижалари шубҳа туғдирган. Шу боис улар кейинги текширувлар учун клиник карантинга олинди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин тадбирлари даврида ходимлар, барча ташриф буюрувчилар ва уларнинг оила азолари хавфсизлигини таминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги биринчилардан бўлиб, масофавий ишлаш тартибини жорий қилган. Дастлабки кунларданоқ ходимларнинг 40% дан ортиғи, шу жумладан мактабгача ва бошланғич синфлар ёшидаги фарзандли ходимлар меҳнат таътилига чиқарилган.
Вазирлик устувор давлат дастурларини молиялаштириш ва буджет тизими ходимларига иш ҳақларини ўз вақтида тўлаш, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш чораларини таъминлаш бўйича узлуксиз фаолиятини давом эттирмоқда.
Ушбу муҳим вазифалар ижросини таминлаш мақсадида, жамоа ишни онлайн шаклда ташкил қилиш, шунингдек, ходимларни ўз-ўзини изоляция қилиши юзасидан қарор қилди.
Молия вазирлиги жамоаси шифокорлар назорати остида қуйидаги тартибда фаолият олиб боради:
1. Вазир ва вазир ўринбосарлари бошчилигидаги раҳбарият, асосий бўлимларнинг бошлиқлари ва алоҳида ходимлари аввалгидек, вазирлик биносида иш олиб боради.
2. Ғазначилик ҳам ҳисобварақлар бўйича барча хизматларни тақдим этган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бунинг учун тегишли ходимлар жалб қилинади ва улар алоҳида бинода мустақил ишлайди.
3. Қолган ходимлар масофадан ишлашни давом эттиради.
Иш ҳақи ва нафақалар ажратилиши тўхтамайди, шунингдек вазирликка юклатилган барча вазифалар ва функциялар белгиланган тартибда бажарилади. Вилоят, туман, шаҳар молия ва ғазначилик бўлимлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирганлар сони 181 нафарга етди. Уларнинг 12 нафари касалликдан фориғ бўлди, 2 киши вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь