Молдова МДҲни тарк этади
Олам
−
21 Декабрь 2023
8218Молдова ҳукумати МДҲ доирасида имзоланган деярли барча келишувлардан 2024 йилгача чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳукмрон “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси депутати Дойна Герман “Exclusiv” телеканалида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мамлакат ҳозир Ҳамдўстлик билан тузилган шартномаларни денонсация қилишнинг деярли якуний босқичида.
“Биз ушбу жараённи 2024 йил охиригача якунлашни таклиф қилдик. Аммо бу ҳаммаси ҳал бўлди, дегани эмас. Ҳозир биз МДҲ доирасида имзоланган шартномаларни техник жиҳатдан бекор қилмоқдамиз”, деган парламент аъзоси.
Шунингдек, у Молдова МДҲдан чиқиш декларациясини имзолайдими ёки бу барча келишувлар бекор қилинганидан кейин автоматик равишда содир бўладими, деган саволга ҳам аниқлик киритди.
"Бу жараён, албатта, қандайдир баёнот ёки чекиниш бўйича якуний позицияни ифодалаш билан якунланиши шарт эмас", дея хулоса қилган Дойна Герман.
Маълумот учун, Молдова 2024 йил 8 февралдан бошлаб МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси аъзолигини расман тўхтатганди. Шунингдек, Президент Майя Санду режими ҳокимият тепасига келганидан бери Молдова Республикаси уч йил давомида бирор марта ташкилот саммитларида қатнашмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи ўрталарида Молдова МДҲ Парламентлараро Ассамблеясидан чиқмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.