МО Шимолий Кипрни алоҳида тарозида торта олмайди – Алишер Қодиров 

Жамият

image
ШКТР машмашаси. Марказий Осиё Туркиядан юз ўгирдими? north_east

ШКТР машмашаси. Марказий Осиё Туркиядан юз ўгирдими?

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёдаги туркий давлатлар 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити якунида қабул қилинган қўшма декларацияда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаслик, улар билан ҳамкорлик қилмасликни англатувчи 541- ва 550- резолюцияларига содиқлигини тасдиқлагани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур вазиятга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров ҳам ўз муносабатини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, туркий давлатларни бирлик ва ҳамжиҳатлиги учун Марказий Осиё иқтисодий қудратли минтақага айланиши керак. Шу сабаб минтақа давлатлари ривожланиш имкониятларидан тўғри фойдаланишга мажбур. 

“Имконияти бўлмагани учун Туркистонни босиб олинишига рози бўлган Туркия, Марказий Осиё нима учун Шимолий Кипр ва Қиримни алоҳида тарозиларда торта олмаслигини тўғри тушуниши керак”, дейди депутат.

Қодировга кўра, туркий дунё етарли даражада синалиб бўлган, энди мустаҳкам ишонч илдиз отиши керак.

Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳуқуқий мақоми

Кипр оролининг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентни сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий давлатлар ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида Кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Истанбул Топкапи университети Сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар кафедраси доценти Жиҳод Яйжи Туркий Давлатлар Ташкилотига (ТДТ) аъзо тўрт давлат ва Тожикистон Европа Иттифоқи билан қўшма декларация имзолаганини турк дипломатиясининг обрўсига оғир зарба деб атаган бўлса, Туркиянинг собиқ мудофаа вазири, Буюк Миллат Мажлиси (парламент)нинг Миллий Мудофаа Комиссияси раиси Ҳулуси Акар Европа Иттифоқини Марказий Осиёга босим ўтказишда айблади. Туркиядан бошқа давлатлар томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар эса Туркий Давлатлар Ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган баъзи давлатларнинг Европа Иттифоқи билан тузган келишувлари нормал эканини, ҳар бир давлат бошқа давлат ёки уюшмалар билан ўз манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб муносабат ўрнатишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Алишер Қодиров Марказий Осиё ШКТР

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг