ШКТР машмашаси. Марказий Осиё Туркиядан юз ўгирдими?

Таҳлил

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи (ЕИ) билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини (ШКТР) тан олмасликка келишиб олди. Бу жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида қабул қилинган декларацияда ўз ифодасини топган. Бу эса Туркиянинг юзига урилган тарсаки сифатида баҳоланмоқда. Хўш, нега? 

Гап шундаки, саммит якунлари бўйича Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-банди билан барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган. 

“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик, бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилади баёнотнинг айнан 4-бандида. 

541 ва 550 резолюциялар нима ҳақида? 

Шу ўринда баёнотда рақамлар билан яширишга уринилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларига эътибор қаратсак. 

541 – бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 1983 йил 18 ноябрда қабул қилинган резолюция бўлиб, уни 13 давлат ёқлаб овоз берган, Покистон қарши чиққан, Иордания эса бетараф қолган. Қарорда барча давлатлар Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва блокларга қўшилмаслигини ҳурмат қилишга ҳамда Кипр Республикаси ҳукуматидан бошқа орол ҳукуматини тан олмасликка чақирилган. Бу резолюция 1983 йил 15 ноябрда Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллик эълон қилишига жавоб тариқасида қабул қилинган. 

550-резолюцияга келсак, у 1984 йил 11 майда 13 давлат томонидан маъқулланган. Покистон қарши овоз берган, АҚШ эса бетараф қолган. Унда шундай дейилган:

“Туркия ва Кипр турк раҳбарияти ўртасида элчилар алмашинуви деб аталмиш барча сепаратистик ҳаракатларни қоралайди, уларни ноқонуний ва ҳақиқий эмас деб эълон қилади ва улардан зудлик билан воз кечишга чақиради; барча давлатларни сепаратистик ҳаракатлар оқибатида тузилган “Шимолий Кипр Турк Республикаси” деб аталмиш давлатни тан олмасликка, ҳамкорлик қилмасликка ва юқорида кўрсатилган сепаратистик тузилмага ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасликка яна бир бор чақиради; барча давлатларни Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, бирлиги ва қўшилмаслик сиёсатини ҳурмат қилишга чақиради; Варошанинг (Кипрнинг Фамагуста шаҳридаги квартал — таҳр.) исталган қисмини унинг резиденти бўлмаган шахслар томонидан жойлаштиришга уринишларини номақбул деб ҳисоблайди ва бу ҳудудни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъмуриятига топширишга чақиради”.

Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган уч давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кутазувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий Давлатлар Ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади. 

Саробга айланган хаёллар

ТДТга аъзо ва кузатувчи бўлган Марказий Осиё давлатлари Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қатор уринишларига қарамай, Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олиш тугул, бундан умидли эҳтимолдан ҳам воз кечган.

Россия-Украина уруши ортидан Москвага қўйилган қатор санкциялар сабаб Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқига яқинлашуви сезиларли ортди. Қатор давлатлар билан стратегик алоқалар ўрнатилди, фойдали ва муҳим қазилмалар бўйича келишувга эришилди. Европа Марказий Осиёни янги имкониятлар манбаи сифатида кўрмоқда. Шу билан бирга, икки томон ҳам Россия-Украина урушини тинч йўл, сиёсий маслаҳатлашувлар ва дипломатик муносабатлар билан ҳал этиш тарафдори. 

Ушбу декларациянинг қабул қилиниши Туркий Давлатлар Ташкилотида Венгрия ва Туркманистон билан бир қаторда кузатувчи мақомига эга бўлган ШКТРнинг ташкилотдаги келгуси тақдирини сўроқ остига қўяди. Марказий Осиёнинг тўрт туркий давлати Кипр можаросида Туркияга қарши турса, ташқи сиёсатда қандай туркий бирдамлик ҳақида гапириш мумкин? Бу айни вақтда Туркияда кўтарилаётган жиддий савол.

Туркиялик таниқли ва тажрибали халқаро журналист Арда Зентурк YouTube’даги канали орқали ушбу масалада чиқиб қилиб, Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданга юзланди. 

“Анқара нима қилаётганини тушунмаяпман. Мен бутунлай саросимага тушдим... Қандай қилиб биз бундай геосиёсий фалокатга йўл қўямиз, жаноб Ҳоқон Фидан? Мен 50 йиллик фаолиятим давомида бундай нарсани кўрмаганман. Биз ҳақиқий сиёсий хиёнат билан шуғулланяпмиз. Бу тўрт туркий давлат ўз имзолари билан ШКТРни тан олмаслигини тасдиқлади. Улар Туркияни Кипрда босқинчи деб атайдиган Европа, АҚШ ва Россия билан бирлашдилар. Агар бу давлатлар Шимолий Кипр Турк Республикасини рад этувчи резолюцияларни имзоласа, Туркий Давлатлар Ташкилоти бутун маъносини йўқотади. Ёпинг [бу ташкилотни]!  Бу нафақат Кипр туркига, балки Туркиянинг ўзига ҳам бир шапалоқ. Биз ҳазиллашаётганимиз йўқ. Турк аскарларининг қони тўкилган оролнинг бошқа давлат ҳудуди, деб тан олинишига йўл қўймаймиз. Бу шунчаки дипломатик хато эмас, балки хиёнатдир”, дейди у. 

Ҳозиргача Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган ҳужжат ва унда Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олинмаслиги бўйича келишувга розилик берилгани ҳақида миқ этмади. Бироқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев аллақачон муносабат билдириб, ШКТРнинг дунё миқёсида тан олинишига ҳисса қўшишга ваъда берди. 

“Биз Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши учун фаол кураш олиб бораётган давлатлар қаторидамиз. Шушада бўлиб ўтган норасмий саммитда Президент Эрсин Татар иштирок этди. Бу йиғилишда Шимолий Кипр байроғи ҳилпираб турди. Биз ҳар доим биродарларимизнинг тарафидамиз: уларга ўз давлатини ҳимоя қилишда ёрдам берамиз”, деган Озарбайжон раҳбари.

Туркиянинг собиқ мудофаа вазири, Буюк Миллат Мажлиси (парламент)нинг Миллий Мудофаа Комиссияси раиси Ҳулуси Акар эса Туркий давлатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) аъзо парламентлар Миллий мудофаа ва хавфсизлик масалалари комиссияси раисларининг 15 апрель куни Бакуда бўлиб ўтган йиғилишида туркий давлатларни Шимолий Кипр Турк Республикасини аниқ ва кучли тан олишга чақирди.

“Озарбайжоннинг Қорабоғдаги ғалабаси пайтида бўлгани каби Шимолий Кипр Турк Республикаси учун ҳам худди шундай бирдамлик кўрсатилишига ишонаман. Бу фақат Кипр туркларининг адолат излашининг эмас, балки туркий дунёнинг интеграция иродасининг кўрсаткичи бўлади деб ўйлаймиз”, деган у.

Тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг президенти Эрсин Татарга келсак, у ҳолатга ўта вазминлик билан муносабат билдириб, ТДТда аъзо ва кузатувчи мақомидаги баъзи давлатларнинг Европа Иттифоқи билан тузган келишувлари нормал экани, ҳар бир давлат бошқа мамлакат ёки уюшмалар билан ўз манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб алоқа ўрнатишини айтди.

“Бу ҳолат, эҳтимол, улар Европа Иттифоқи билан муносабатлари контекстида бундай жараёнга кирганлари учун юзага келган. Бу нормал ҳолат, ахир, бу мамлакатлар Европа Иттифоқи билан турли хил лойиҳаларга эга ва хусусий сектор ҳамда давлат нуқтаи назаридан ўз манфаатлари ва фойдалари бор. Таъкидланганидек, иқтисодий лойиҳалар, молиявий ҳиссалар, шунингдек, Европа Иттифоқи уларни турли тижорат ўлчовларида тақдим этиши мумкин бўлган тижорат имкониятлари мавжуд”, дейди Татар.

Марказий Осиё ва Кипр

Марказий Осиё давлатлари Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмагани билан Кипр билан мулоқотни ҳам тўхтатиб қўймаган. 

Масалан, 2024 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон биринчи марта Кипрдаги элчисини аккредитация қилди. Римда истиқомат қилаётган Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Кипр Президенти Никос Христодулидисга ишонч ёрлиғини топширди. Ўша йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон элчиси Кипр Савдо-саноат палатаси президенти Ставрос Ставроу билан учрашув ўтказди, шундан сўнг “Кипр-Ўзбекистон” ишбилармонлар уюшмасининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. 

Жорий йилнинг 21 февраль куни Қозоғистон элчиси Николай Жумаканов Кипр Президентига ишонч ёрлиғини топширди. 6 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу оролга ташрифи чоғида Кипр Ташқи ишлар вазири Константинос Комбос билан учрашди. Ушбу музокаралар чоғида қозоғистонлик вазир 2024 йилда Қозоғистон иқтисодиётига Кипр инвестициялари ҳажми 227 миллион долларни ташкил этганини маълум қилди. 

Расмий Остона эса, албатта, Кипр юнонлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор, чунки Нуртлеу икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш масаласини ҳам муҳокама қилган ва Кипр-Қозоғистон бизнес уюшмаси президенти Костас Маркидес билан учрашув ўтказган. 

Қирғизистон 2024 йил 27 сентябрда Кипр билан дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисида шартнома имзолаган. Келишув Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ва Кипр Ташқи ишлар вазири Константинос Комбос томонидан имзоланган. 

Ниҳоят, Туркманистон ҳам Марказий Осиёдаги бошқа туркий давлатлар билан бир ўзанда қолишга ҳаракат қилмоқда. Жорий йил 31 март куни қароргоҳи Римда бўлган Туркманистон элчиси Тойли Комеков Кипр Президентига ишонч ёрлиғини топширди.

Туркия ва Шимолий Кипр Турк Республикаси

Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 300 000 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам бор. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркия томонидан мана 42 йилдирки, қўллаб келинади ва бу Эрдўған Ҳукумати даврида янада жадаллашди. Бунда эса жуда кўп масалалар Ўзбекистоннинг чекига тушган. 

Маълумки, Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 9-саммити бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган саммитда Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Тўқаев, Садир Жапаров, Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи давлатлар – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. 

Ўша саммитда Эрдўған дунё мамлакатларини ҳайратда қолдирган баёнот билан чиқди. У ўз нутқида Туркиядан ташқари ҳеч бир мамлакат тан олмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ТДТга кузатувчи бўлиб қўшилганини айтди ва бунинг учун ташкилот давлатлари раҳбарларига миннатдорлик билдирди.

“Биродарлик қонуни талабларини бажарган ҳолда, Шимолий Кипр Турк Республикасини ташкилотимизга кузатувчи давлат ўлароқ қабул қилдик. Турк дунёсининг ажралмас бир қисми бўлган кипрлик биродарларимизнинг ёлғиз эмаслигини кўрсатиб, ечим жараёнига ҳам ҳисса қўшдик. Ушбу бирдамлик иродасини намоён этганингиз учун сиз, азиз биродарларимнинг ҳар бирингизга алоҳида миннатдорлик билдираман”, дейди Эрдўған.

Орадан кўп ўтмай, Туркиянинг ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Эрдўғаннинг айтганларига таяниб, Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилгани ҳақидаги хабарни Twitter’даги саҳифаси орқали бўлишди. Вазир, Анқаранинг Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни давом эттиришда қатъийлигини таъкидлаган.

Туркия расмийлари томонидан берилган икки баёнотдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов (2022 йил 11 ноябрь) Шимолий Кипр Турк Республикасининг ташкилотга кузатувчи сифатида қўшилганини рад этиб чиқди. 

“Саммит натижасида Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмади. Ўзбекистон, айниқса, давлат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги масалаларида халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий амал қилади. Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, деган Норов.

Саммит якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилоти сайтида эълон қилинган баёнотда Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи мақомни олгани айтилган. Бу ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиевнинг саммитдан бир ҳафта ўтиб “Анадолу” агентлигида эълон қилинган интервьюсида ҳам ўз исботини топди. 

“Шимолий Кипр Турк Республикасининг Туркий Давлатлар Ташкилотида кузатувчи сифатида тан олиниши туркий дунёнинг яқинлашуви йўлидаги муҳим қадамдир”, деган Омуралиев.

ТДТнинг 2022 йил 16 ноябрь куни лавозимини расман эгаллаган Бош котиби юқоридаги гаплари билан ШКТРнинг ТДТга кузатувчи бўлиб кирганини тасдиқлади ва бунгача ШКТРнинг ТДТга кузатувчи сифатида қабул қилинмагани ҳақида берилган барча баёнотлар, жумладан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг чиқишини ҳам рад этди. Бош котиб, Кипр турклари туркий дунёнинг “ажралмас қисми” эканини урғулади. 

“Бошқа аъзо ва кузатувчи давлатларимиз сингари, минтақамизда ҳам, глобал даражада ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт учун Шимолий Кипр Турк Республикаси билан ҳамкорликни давом эттирамиз”, деган у.

Эрдўғаннинг ҳаракатлари 

2023 йилнинг 16 март куни Анқарада ўша йилнинг февраль ойида Туркияда содир бўлган ва кўплаб инсонларнинг вафот этишига олиб келган даҳшатли зилзилалар муносабати билан Туркий Давлатлар Ташкилотининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди. Ражаб Тойиб Эрдўған мезбонлик қилган саммитда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари – Қозоғистондан Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистондан Садир Жапаров, Ўзбекистондан Шавкат Мирзиёев, Озарбайжондан Илҳом Алиев ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар иштирок этди. Президентлар биргаликда суратга ҳам тушди. 

Эрдўған эса ушбу саммитда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олиш масаласида очиқдан очиқ гапирди. 

“Шимолий Кипр Турк Республикасининг бизга қўшилиши билан оила кенгашимиз янада кучайди.  Ташкилот ўлароқ биз Кипр турк халқига кучли ва қатъиятлилигимизни намоён этдик. Кипр турк халқини қўллаб-қувватлаймиз. Шимолий Кипр Турк Республикасининг тан олиниши ва кипрлик турк биродарларимизга қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши учун курашимизни давом эттирамиз”, деган Эрдўған.

2023 йилнинг сентябрь ойида Озарбайжонга борган Эрдўған, Бакудан қайтаётиб, самолёт бортида журналистлар билан мулоқот қилди ва Шимолий Кипр Турк Республикаси масалада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан гаплашиб олганини билдирди. Шунингдек, у Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида ҳам ШКТРни кузатувчи мақомида кўрмоқчилигини яширмади. 

“Яқин кунларда Туркий Давлатлар Ташкилотининг йиғилиши бўлиб ўтади. Озарбайжон ҳам бу учрашувга Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти жаноб Эрсин Татарни таклиф қилмоқчи. 3 ноябрь куни Қозоғистонда йиғилиш бўлади ва бу йиғилишда Шимолий Кипр Турк Республикасини кузатувчи сифатида кўришни умид қиламиз. Озарбайжон Президенти жаноб Илҳом Алиевга раҳмат, бу масалада унинг жиддий қатъияти бор. У, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикаси байроғининг у ерда ҳилпирашини истаганини ҳам таъкидлади”, деган Эрдўған.

2023 йилнинг 2-3 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммитида эса Эрдўған Шимолий Кипр Турк Республикасини дастаклаб, яна Туркий давлатлар ташкилотига суқишга ҳаракат қилди. 

“Оила кенгашимиз ўтган йили Самарқанддаги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасига бир овоздан кузатувчи аъзо мақоми бериб, тарихий қарор қабул қилди. Ушбу қарорни қабул қилишда қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман”, деди у мавқедошларига юзланиб. 

Унинг қайд этишича, туркий дунё бу қарор билан яккаланиб қолган бўлса-да, ватанидан воз кечмаган Кипр туркларининг ёлғиз эмаслигини барчага кўрсатган.  

Остона саммити якунида қабул қилинган баёнотда Туркий дунёнинг ажралмас қисми бўлган ШКТРнинг Туркий давлатлар парламент ассамблеяси ва Туркий савдо-саноат палаталари иттифоқида ҳамда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотида кузатувчи мақомини олгани қайд этилди.  

2023 йилнинг 8-9 ноябрь. Тошкент Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитига мезбонлик қилди ва ШКТР президенти Эрсин Татар Ўзбекистонга келди. Унинг ушбу саммитда иштирок этиши ва Тошкентга келаётгани ҳақида расмий манбалар томонидан хабар берилмаган. Ўзбекистон Президенти Администрацияси томонидан ИҲТ саммити ўтказилишига доир хабарда ҳам ШКТРдан вакил иштирок этиши ҳақида сўз бормаган.

Татар Тошкентда Эрдўған, Покистоннинг ўша вақтдаги Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар ва ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий билан расмий учрашувлар ўтказди. 

2023 йилнинг 4 декабрь.ШКТР президенти Эрсин Татар Қирғизистонга борди ва Бишкекда Президент Садир Жапаров билан кўришди. Унда Эрсин Татар Жапаровга Кипр муаммосининг бугунги ҳолати ва уни икки давлат тамойили асосида ҳал этиш йўллари ҳақида маълумот берган, Қирғизистон томонини Шимолий Кипр Турк Республикасини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга чақирган. 

Учрашувда Жапаров бўйинбоғсиз ва енгил либосда бўлган ва бу учрашув расмий руҳга эга эмаслигини англатади.

2024 йилнинг 6 июль. Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ТДТ давлат раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди ва унда президентлар столидан биринчи марта ШКТР президенти Эрсин Татар ҳам жой олди. Тадбир ўтказилаётган залга ШКТР байроғи ҳам ўрнатилди. 

2024 йил 6 ноябрь. Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари Бишкекда тўпланди ва бу гал ҳам ШКТР президенти Эрсин Татар қатордан қолмади. Саммитда мезбон сифатида модераторлик қилган ҳолда йиғилган барча давлат раҳбарларига ўз мақоми билан мурожаат қилган Жапаров ШКТР президентига келганда, шунчаки ўз исми билан сўз берди.

Саммитда сўз олган Эрдўған, яна ШКТРни ташкилотнинг аъзоси сифатида кўришдан умидворлигини айтди. 

Марказий Осиё нега Европа Иттифоқини танлади? 

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унда ШКТР масаласига тўхталинадими, умуман, ШКТР президенти яна Эрдўғаннинг этагини тутганча саммитга келадими, буниси номаълум. 

Шу ўринда Марказий Осиё давлатлари Туркий давлатлар ташкилотида ўрнатилган самимий мулоқот ва Эрдўған билан илиқ муносабатларга чап берганча нега Европани танлади, деган савол туғилади. Экспертларнинг қайд этишича, Остона, Тошкент, Бишкек ва Ашхобод Анқара билан яқинлашувлари Брюссель билан муносабатларда муаммолар келтириб чиқариши мумкин бўлган жойда тугашини билади. Балки, Туркия ва унинг Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳозирги иқтисодий ва сиёсий аҳволи кучлироқ бўлганида, туркий дунё икки ўт орасида танлов қилиш мажбуриятида қолмас эди. 

Ҳозир Эрдўғаннинг ШКТРдан-да жиддийроқ ишлари бор – бу мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, сиёсий обрўсини мустаҳкамлаш, сайловларда йўқотилган овозлардан келиб чиқиб, халқ ишончини қозониш ва Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланган мухолифат билан курашиш. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Туркия Тожикистон Ўзбекистон Европа Иттифоқи Қирғизистон Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Владимир Норов Туркманистон Имомали Раҳмон Анқара Қосим-Жомарт Тўқаев Садир Жапаров Сердар Бердимуҳамедов ТДТ Марказий Осиё – Шимолий Кипр Турк Репсубликаси Буюк Миллат Мажлиси Николай Жумаканов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг