Марказий Осиё давлатлари Туркиянинг юзига тарсаки урдими? ШКТР тан олинмайди

Жамият

image

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмасликка келишиб олди. Бу жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида қабул қилинган декларацияда ўз ифодасини топган. 

Гап шундаки, саммит якунлари бўйича Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши президенти Антониу Кошта, Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо томонидан қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган. 

“Худди шу руҳда, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 541(1983) ва 550(1984)-сонли резолюцияларига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқладик. Минтақавий ҳамкорлик тузилмалари доирасида иштирок этишда ушбу халқаро тамойилларга риоя қилиниши кераклигини таъкидладик — бу эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Туркманистон ўзининг халқаро мажбуриятларини доимий бетарафлик мақоми тамойилларига қатъий мувофиқ амалга оширишини эслатди”, дейилади баёнотнинг айнан 4-бандида. 

541 ва 550 резолюциялар нима ҳақида? 

Шу ўринда баёнотда рақамлар билан яширишга уринилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларига эътибор қаратсак. 

Бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан 1983 йил 18 ноябрда қабул қилинган резолюция бўлиб, уни 13 давлат ёқлаб овоз берган, Покистон қарши чиққан, Иордания эса бетараф қолган. Қарорда барча давлатлар “Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва блокларга қўшилмаслигини ҳурмат қилишга” ҳамда оролда Кипр Республикаси ҳукуматидан бошқа ҳукуматни тан олмасликка чақирилган. Бу резолюция 1983 йил 15 ноябрда бўлиб ўтган Шимолий Кипр Турк Республикасининг мустақиллик эълон қилинишига жавоб тариқасида қабул қилинган. 

550-резолюцияга келсак, у 1984 йил 11 майда 13 давлат томонидан маъқулланган. Покистон қарши овоз берган, АҚШ эса бетараф қолган. Унда шундай дейилган:

“Туркия ва Кипр турк раҳбарияти ўртасида элчилар алмашинуви деб аталмиш барча сепаратистик ҳаракатларни қоралайди, уларни ноқонуний ва ҳақиқий эмас деб эълон қилади ва улардан зудлик билан воз кечишга чақиради; 

барча давлатларни сепаратистик ҳаракатлар оқибатида тузилган Шимолий Кипр Турк Республикаси деб аталмиш давлатни тан олмасликка, ҳамкорлик қилмасликка ва юқорида кўрсатилган сепаратистик тузилмага ҳеч қандай ёрдам кўрсатмасликка яна бир бор чақиради;

барча давлатларни Кипр Республикасининг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, бирлиги ва қўшилмаслик сиёсатини ҳурмат қилишга чақиради;

Варошанинг (Кипрнинг Фамагуста шаҳридаги квартал — таҳр.) исталган қисмини унинг резиденти бўлмаган шахслар томонидан жойлаштиришга уринишларини номақбул деб ҳисоблайди ва бу ҳудудни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъмуриятига топширишга чақиради”.

Бундан кўринадики, Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади. 

Шимолий Кипр Турк Республикасининг ҳуқуқий мақоми

Кипр оролининг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентни сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолган. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркиянинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ. Кипр Республикаси ва БМТ уни босқинчи куч деб ҳисоблайди. Шимолий Кипр Турк Республикаси номини олган тузилма Туркий давлатлар ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига кузатувчи сифатида аъзо. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси аҳолиси тахминан 294 906 киши бўлиб, 3355 км² майдонда яшайди. Аҳолининг катта қисмини этник турклар ташкил этади. Уларнинг анклавларида Кипр юнонлари ва ливанлик маронитлар ҳам яшайди. Шимолий Кипр Республикаси пойтахти – Кипр Республикаси ва Шимолий Кипр Республикаси ўртасида бўлинган Лефкоса (Никосия) шаҳри. 

Шимолий Кипр Турк Республикаси Кипрнинг қолган қисмидан буфер зона билан ажратилган. Оролни икки секторга ажратувчи чизиқ Кипрдаги БМТ тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан қўриқланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Европа Иттифоқи Марказий Осиё Шимолий Кипр Турк Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг