Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
21 Апрель 8021 2 дақиқа
Сўнгги пайтларда Туркияда яшаш (ikamet izni) ва меҳнат қилиш рухсатномаларини (çalı izni) расмийлаштириш, мамлакатга кириш тақиқини бекор қилиш ҳамда жарималарни тўлаш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кескин ортмоқда. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси мазкур масалада огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, кўп ҳолларда консалтинг фирмалари (danışmanlık şirketleri ) юқоридаги масалаларни ҳал қилишга ваъда бериб, ўзбекистонликларнинг катта миқдордаги пулларини алдов йўли билан ўзлаштирмоқда. Жабрланувчилар ушбу шахслар билан ёзма шартнома ёки ҳужжатлаштирилган келишувлар тузмагани боис қонуний тартибда ўз маблағларини қайтариб ололмаяпти.
“Энг хавотирли жиҳатлардан бири айрим фирибгарларнинг илгари Туркиядан депортация қилинган ва кириш тақиқи қўйилган Ўзбекистон фуқароларини бошқа давлатнинг қалбаки паспортлари орқали мамлакатга олиб киришга уриниш ҳолатларидир. Бу эса ўз ўрнида юртдошларимизни мураккаб ва жиноий жавобгарликка олиб келадиган вазиятларга солмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, айрим шахслар “GÖÇ идорасидаги (Миграция хизмати) жаримангизни ўрнингизга тўлаб берамиз” деган ваъдалар билан пулларни ўзлаштириш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Улар жабрланувчиларни “ўзингиз борсангиз ушланиб қоласиз” деган ёлғонлар билан қўрқитиб, уларнинг маблағларини ўзлаштирмоқда.
Шундай қилиб, бош консулхона мигрантларни ноқонуний ва ишончсиз воситачилардан огоҳ бўлишга ва ҳар қандай ҳуқуқий масалаларда фақат расмий идораларга мурожаат қилишга чақиради. Қонунни бузган ҳолда Туркияга киришга уриниш ёки ноқонуний воситачиларга мурожаат қилиш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон фуқароси Туркиянинг Истанбул метрополитенида турк фуқароси бўлган аёлни рухсатсиз суратга олгани сабабли бош консулхона огоҳлантириш билан чиққан эди. Туркия қонунларига кўра, бошқа шахсни, айниқса аёлларни, уларнинг розилигисиз суратга олиш ёки видеога тушириш қатъиян ман этилади ва бу жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.