Мисрда автобус ёниб кетиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди

World

image

Мисрнинг Жанубий Синай вилоятидаги Даҳаб – Нувейба йўлида автобус ағдарилиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, яна 28 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 2 сентябрь куни Даҳаб ва Нувейба шаҳарларини боғловчи йўлда, Нувейба шаҳри томон ҳаракатланиш йўналишидаги Саада ҳудуди яқинида содир бўлган. Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, дастлабки ҳисоб-китобларда 16 киши воқеа жойида ҳалок бўлгани, 28 нафар йўловчи эса жароҳат олгани аниқланган.

Ҳодиса ҳақида хабар олиниши билан қутқарув хизматлари 20 та тез ёрдам машинасини воқеа жойига юборган. Жароҳатланганлар биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин яқиндаги шифохоналарга олиб кетилган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазири Холид Абдулғаффор жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва дори-дармон ҳамда бошқа тиббий воситалар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берган. Вазирлик ҳодиса билан боғлиқ вазиятни кузатиб бормоқда, тиббий жамоалар эса жароҳатланганларнинг аҳволини назорат қилмоқда.

Ҳозирча автобус ҳалокатининг аниқ сабаби, шунингдек, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг шахси ҳамда фуқаролиги ҳақида расмий маълумот берилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса юзасидан тегишли чораларни кўрмоқда ва унинг сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Даҳаб ва Нувейба Жанубий Синайнинг Қизил денгиз соҳилидаги машҳур сайёҳлик шаҳарлари ҳисобланади. Ҳудуд хорижлик сайёҳлар, хусусан, сув остига шўнғиш билан шуғулланувчилар орасида машҳур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Янги Қоҳира шаҳридаги савдо марказида гелий баллони портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланганди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends