Мисрдаги савдо марказида портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор

Олам

image

Кеча, 13 август куни Мисрнинг Янги Қоҳира шаҳридаги савдо марказида гелий баллони портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “The National News“ хабар берди.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳодиса Arabella Plaza савдо марказида юз берган.

Миср Ички ишлар вазирлигига кўра, портлаш савдо марказининг биринчи қаватида жойлашган совғалар дўконидаги гелий баллонида содир бўлган. Портлаш оқибатида дўкон ичида кичик ёнғин келиб чиққан, бироқ у тез орада назорат остига олинган. Шунингдек, портлаш ва ёнғин оқибатида яқин атрофдаги айрим дўконларнинг фасад қисми зарар кўрган.

Ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, воқеа жойига 8 та тез ёрдам машинаси юборилган. Жароҳатланганларнинг 11 нафари New Cairo Specialized Hospital шифохонасига, яна олти нафари эса яқин атрофдаги тиббиёт муассасаларига олиб кетилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг барчасига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилаётганини ва аҳволи доимий назорат қилинаётганини билдирган. Шунингдек, яқин ҳудуддаги шифохоналарда юқори тайёргарлик режими жорий этилган.

Эслатиб ўтамиз, Италиянинг Рим шаҳри жануби-шарқидаги Коллеферро яқинида жойлашган ўқ-дорилар заводида кеча, 13 август куни кучли портлаш содир бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг