Мирзиёев Си Цзиньпинни табриклади
Жамият
−
15 Июнь 2023
7377Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга унинг 70 ёш юбилейи муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Сизнинг бевосита раҳбарлигингизда дўст Хитой халқи сўнгги йилларда улкан ютуқ ва оламшумул муваффақиятларга эришиб келмокда. Аҳолини камбағалликдан чиқариш, қашшоқликка барҳам бериш, ўртача фаровон жамият қуриш жараёнларини якунига етказишга қаратилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар самарали амалга оширилмоқда”, дейилади Мирзиёевнинг мактубида.
Шунингдек, Мирзиёев Си Цзиньпин эътибори туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб бораётганини урғулаган.
“Яқинда Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифим якунлари ҳамда Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммити доирасидаги сермазмун музокараларимиз натижалари ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз”, дейилади мактубда.
Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этиб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, ғоятда масъулиятли ва шарафли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Хитой халқига эса бардавом тинчлик-омонлик, файзу барака ва фаровонлик тилаган.