Мирзиёев Люблянада тантанали кутиб олинди
Жамият
−
22 Май 5109 1 дақиқа
Бугун, 22 май куни Люблянадаги Конгресс майдонида Словения Республикасига расмий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевни Словения Президенти Наташа Пирц Мусар самимий кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул сафланди. Ҳарбий оркестр Ўзбекистон ва Словения давлат мадҳияларини ижро этди.

Икки мамлакат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашди.

Расмий маросимдан сўнг "Звезда" боғида уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат ҳамда тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқат рамзи сифатида Барча урушлар қурбонлари ёдгорлигига гул қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Мирзиёев Венгрияга борди. 20 май куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди, Миллий Мажлис спикери Ласло Кёвер, Венгриянинг етакчи банк ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Кеча, 21 май куни Ўзбекистон етакчиси Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиб, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Live
Барчаси