Туркий дунё раҳбарлари биринчи марта Европада тўпланди

Жамият

image

Бугун, 21 май куни Будапешт шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Президентлари ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Саммитга Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мезбонлик қилди. Учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва ТДТ Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев иштирок этди. 

Йиғинда ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган яна икки давлат – Туркманистон ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан расмийлар иштирок этмади. 

“Шарқ ва Ғарбнинг учрашиш нуқтаси” мавзусида ташкил этилган норасмий саммит давлат раҳбарларига ўзларининг устувор йўналишлари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий минтақавий ва глобал муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун муҳим имконият яратди. 

Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан қуйидаги ҳужжатлар имзоланди ва қабул қилинди: 

•    Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммитининг Будапешт декларацияси;
•    “Ўзбекистон Республикасининг Турк маданияти ва мероси жамғармасидаги иштироки тўғрисида”ги қарор;
•    ТДТ Бош котибининг ваколат муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор;
•    Давлат раҳбарлари кенгашининг Афғонистон бўйича баёноти.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан қуйидаги ҳужжатлар имзоланди ва қабул қилинди: 

•    “Туркий давлатлар ташкилотининг Венгрия ваколатхонаси ижрочи директорини тайинлаш тўғрисида”ги қарор;
•    “Шимолий Кипр Турк Республикасига Турк академиясида кузатувчи мақомини бериш” қарори. 

Саммит доирасида тақдирлаш маросими ҳам уюштирилди ва Нобель мукофоти совриндори турк молекуляр биолог Профессор Азиз Санжарга Туркий Давлатлар Ташкилоти томонидан Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун “Алишер Навоий халқаро мукофоти” топширилди. 

Саммит доирасида Венгрия давлат операсида давлат ва ҳукумат раҳбарлари шарафига маданий дастур ҳам бўлиб ўтди. 

Будапешт норасмий саммити ТДТнинг кузатувчи аъзоси ҳудудида ўтказиладиган биринчи саммитдир. 

Саммит якунлари бўйича ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто қўшма матбуот анжумани ўтказиб, саммит якунлари ва ТДТ Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақида кенг қамровли маълумот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий Давлатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг