Озарбайжон ТДТга 2 миллион доллар хайрия қилди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун 2 миллион АҚШ доллари хайрия қилди. Бу ҳақда бугун, 7 октябрь куни Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтаётган ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммитида Президент Илҳом Алиев маълум қилди. 

“Бугунги кунда Туркий Давлатлар Ташкилоти фақат ҳамкорлик платформаси эмас, йирик геосиёсий марказ сифатида майдонга чиқмоқда. Ташкилотимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ортиб бораётгани қувонарли. Бирлашган тарихий ва этник илдизларимиз, ягона миллий-маънавий қадриятларимиз бизни бир оиладек бирлаштиради. 

Ташкилот фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз котибият ҳисобига 2 миллион доллар хайрия қилди”, дейди Илҳом Алиев. 

Унинг қайд этишича, ички сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, асосий геостратегик жойлашуви, ижобий демографик вазият ва ёш аҳоли, транспорт ва логистика соҳасида катта имкониятлар, табиий ресурслар, ўсиб бораётган мудофаа ва ҳарбий-техник салоҳият ТЖТни жаҳон миқёсида муҳим ўйинчига айлантиради. 

Алиев Туркий дунёда ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталди. 

“Маълумки, хавфсизликни таъминламай туриб тараққиётни амалга ошириш мумкин эмас. Халқаро ҳуқуқ норма ва тамойиллари қўпол равишда бузилаётган бир пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги ҳамкорлик ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Бу доирада иттифоқдошимиз Туркия билан чуқур ҳамкорлик ўрнатдик. Биргина ўтган йилнинг ўзида Туркия билан 25 дан ортиқ икки томонлама ва кўп миллатли ҳарбий машғулотлар ўтказилди. 

Мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий,  мудофаа ва хавфсизлик соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳисобга олиб, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг 2026 йилда Озарбайжонда қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказишни таклиф қиламан”, дейди Алиев. 

Унинг урғулашича, бугунги дунёда ҳарбий қудрат ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигининг асосий омили ҳисобланади.

Габалада ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 12-саммитида аъзо давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев, Садир Жапаров, Шавкат Мирзиёев, Ражаб Тойиб Эрдўған, Илҳом Алиев кузатувчи давлатлардан Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Шимолий Кипр Турк Республикаси президенти Эрсин Татар иштирок этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий Давлатлар Ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг