Мирзиёев Илҳом Алиевни табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентини Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар якунлангани билан самимий табриклаб, биродар мамлакатнинг дўст халқига тинчлик ва равнақ тилади. Томонлар Жанубий Кавказнинг бутун ҳудудида хавфсизлик ва барқарорлик таъминланишига умид билдирганлар. 

Суҳбатда кўп қиррали Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Пандемия билан боғлиқ мушкул даврда икки мамлакат бир-бирини қўллаб-қувватлагани, бу эса икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги намоёни бўлгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика, туризм ва бошқа соҳаларда етакчи корхоналарнинг кооперациясини кенгайтиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол илгари суриш муҳимлигига алоҳида тўхталдилар. Томонлар ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадал давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлаганлар.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида фаол қуролли тўқнашувлардан бошланганда расмий Тошкент ҳолатга муносабат билдириб, томонларни муросага чақирганди. Ушбу масалани ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида ҳал этилиши кераклигини айтганди. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия қўшинлари Қорабоғда беш йилдан кўпроқ қолишидан умидворлигини билдирди. Пашинян ТАСС нашрига берган интервьюсида ушбу беш йиллик давр нимага асосланиб белгилангани ва шу вақт ичида нималар қилиш кераклиги ҳақида гапирди

Пашинянга кўра, Россия тинчликпарвар кучлари минтақада хавфсизлик ва барқарорлик кафолатларини яратиши зарур. Унинг қўшимча қилишича, РТКнинг Тоғли Қорабоғда бўлиш муддати беш йил билан чекланиб қолмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг