Мирзиёев Алиевга табрик йўллади
Олам
−
28 Май
7590Бугун, 28 май куни Озарбайжон Республикаси мамлакат илк бор республика мақомини олганининг 106 йиллигини нишонламоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мавқедоши Илҳом Алиевга табрик мактубини йўллади. Табрикнома Озарбайжон Президенти сайтида эълон қилинди.
“Сизни ва сизнинг тимсолингизда қардош Озарбайжон халқини мамлакат миллий байрами – Мустақиллик куни билан самимий табриклашдан мамнунман”, деб табрикни бошлаган Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари, Алиевдек донишманд, ватанпарвар ва фидойи раҳбар, буюк сиёсат ва давлат арбоби раҳнамолигида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тикланиб, тарихий адолат қарор топганини алоҳида урғулаган.
“Мамлакатингиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ички ва ташқи сиёсат, амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда, халқаро майдонда Озарбайжонга ишонч ва унинг нуфузи муттасил ортиб бормоқда.
Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида шаклланган, қардош халқларимизнинг умумий мақсад ва интилишларига тўла жавоб берадиган яқин муносабатларни биз юксак қадрлашимизни алоҳида таъкидламоқчиман”, дейди Президент.
Мирзиёев аввалги мулоқотларда келишиб олинганидек, кимё, нефт-газ, тоғ-кон саноати, энергетика, электротехника, заргарлик, машинасозлик, фармацевтика саноати, қурилиш материаллари, банк ва молия соҳалари каби 10 та янги йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган катта режалар тўлиқ амалга оширилишига ишонч билдирган.
“Бизнинг мустаҳкам сиёсий иродамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли икки қардош халқнинг умумий тараққиёти йўлида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик изчил ривожланиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, Жаноби Олийларига соғлик-саломатлик, оилавий бахт, Ватанингиз тараққиёти йўлидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, қардош Озарбайжон халқига эса тинчлик, фаровонлик, доимий тараққиёт ва фаровонлик тилайман”, дейди Мирзиёев.
Маълумот учун, Маммад Эмин Расулзода бошчилигидаги Озарбайжон Миллий кенгаши 1918 йил 28 май куни Озарбайжон Демократик Республикаси мустақиллигини эълон қилган. Шу куни Россия императорининг Кавказдаги собиқ губернатори Тифлисдаги сарой залида Мустақиллик декларацияси имзоланди. Ҳозирги Озарбайжон Республикасида байрам 1990 йилдан бери нишонланиб келинмоқда. 2021 йилдан бошлаб Озарбайжонда “Мустақиллик куни тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, 28 май “Мустақиллик тикланган кун” деб ўзгартирилди.
Шу куни имзоланган Республика Мустақиллик Декларациясида шундай дейилган эди:
Бундан буён озарбайжон халқи суверен ҳуқуқларнинг эгаси, Озарбайжон эса Шарқий ва Жанубий Кафказортини қамраб олган тўлақонли мустақил давлатдир. Мустақил Озарбайжоннинг сиёсий тузилма шакли Демократик Республика сифатида ташкил этилган.
Озарбайжон Демократик Республикаси халқаро алоқанинг барча аъзолари, айниқса, қўшни халқлар ва давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилади.
Озарбайжон Демократик Республикаси ўз чегараларида миллати, дини, ижтимоий мавқеи ва жинсидан қатъи назар, барча фуқароларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини кафолатлайди.
Озарбайжон Демократик Республикаси ўз ҳудудида яшовчи барча миллатларга эркин ривожланиш учун кенг имкониятлар яратади.
Таъсис мажлиси чақирилгунга қадар бутун Озарбайжон бошқарувини халқ овози билан сайланган Миллий Кенгаш ва Миллий Мажлис олдида масъул бўлган Муваққат ҳукумат бошқаради.
Бу бандлар ҳозир ҳам Озарбайжон давлат тузилишининг асосини ташкил этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь