Мирзиёев Аҳмад Нарзуллаевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
01 Ноябрь
12087Президент Шавкат Мирзиёев таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Аҳмад Нарзуллаев бугун, 1 ноябрь куни 68 ёшида вафот этди.
У 1956 йили Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини тумандаги “Сурхонозиқовқатсаноати” акциядорлик жамиятида бошлаган. Кейинчалик Тошкент политехника институтини тамомлаб, “Шарғун” ғишт заводида, Денов туманидаги 37-механизациялашган кўчма колонна ва экспериментал ишлаб чиқариш бирлашмасида турли вазифаларда ишлади. 1991 йилдан “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари сифатида фидокорона меҳнат қилди.
"Нарзуллаев 50 йилдан зиёд давом этган иш фаолияти мобайнида бой билим ва ҳаётий тажрибасини, куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлади. Ўзини ер илмининг ҳақиқий билимдони, замонавий агротехнологиялар ва хўжалик юритиш усулларини пухта эгаллаган ташкилотчи раҳбар, меҳнатсевар, камтарин ва ватанпарвар инсон сифатида намоён этиб, республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди", дейилади хабарда.
Шунингдек, Аҳмад Нарзуллаев кўп йиллар Сурхондарё вилояти ва Денов тумани халқ депутатлари кенгашларининг аъзоси сифатида ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва юксалтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, таълим, тиббиёт, маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатган.
Тажрибали фермер ўнлаб иқтидорли шогирдлар тайёрлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ибрат намунасини кўрсатди.
Аҳмад Нарзуллаевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат томонидан муносиб тақдирланган. Хусусан, у “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган .
"Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси оғир жудоликка учради... Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Аҳмад Нарзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади", дейилади хабарда.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь