Мирзабек Холмедов ва Хуршид Расуловнинг Исроилда экани айтилмоқда
Жамият
−
07 Октябрь 2023
40916Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик актёр ва қизиқчи Мирзабек Холмедов ва таниқли хонанда Хуршид Расулов айни дамда қуролли тўқнашувлар юз бераётган Исроил давлатида бўлиб тургани ҳақида хабарлар тарқамоқда. QALAMPIR.UZ'нинг изланишларига кўра, мазкур хабарлар рост бўлиб чиқмоқда.
Яъни Мирзабек Холмедовнинг Instagram саҳифасига жойлаган видеолари унинг айнан Исроил ва Фаластин ҳудудларида сафарда эканини тасдиқлайди. Аҳамиятлиси, ушбу постлар бир вақтнинг ўзида Хуршид Расулов томонидан ҳам ижтимоий тармоқда эълон қилинган. Вақт тафовутини ҳисобга оладиган бўлсак, маълумотларнинг чоп этилганига ҳали бир кун ҳам бўлмаган.
Видеоларда Холмедов ҳамда Расулов ҳамроҳликда Ал-Ақсо ва Саҳаро масжидларини зиёрат қилаётгани, шунингдек, айни дамда Исроил ҳудудидаги кўзга кўринган манзилларда бўлиб турганини кўриш мумкин.
Актёр Улуғбек Холмедов ҳам ўз Instagram саҳифасида отасининг айнан Ал-Ақсо масжидини зиёрат қилаётгани акс этган видеони 10 соат аввал жойлаган.
“Айни дамда дадам Ал-Ақсо масжидидалар” деб ёзган у ўзининг саҳифасида.
Мазкур ҳудудлар ҳозирда ҲАМАС ҳаракати ҳужум қилаётган ҳудудлардан узоқда жойлашган бўлишига қарамай, хавфсизлик даражаси ҳақида бирор нарса дейиш қийин.
Таниқли актёр ва хонанданинг ҳозирги аҳволи ҳақидаги маълумотлар бериб борилмаслиги, уларнинг мухлисларида хавотир ҳиссини уйғотиши мумкин. Қолаверса, бу ҳолат ижтимоий тармоқлардаги асоссиз хабарларнинг ҳам кенг тарқалишига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди.
Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Шундан сўнг Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь