Минск ва Бишкек эффекти: Душанбеда сайловдан кейин хавфсизлик чораси кучайтирилди

Жамият

image

Тожикистон пойтахти Душанбеда президентлик сайловлари натижаси эълон қилиниши баробарида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Пойтахтнинг марказий кўчаларида патрул хизмати кучайтирилган, республика Марказий сайлов комиссиясининг матбуот маркази жойлашган бинога яқин жойда жойлашган кафе ва ресторанлар вақтинча ёпилган.

Душанбе кўчаларида ҳукумат бинолари ва одамлар гавжум жойлар ёнида турган хавфсизлик кучларининг махсус техникаларини кўриш мумкин.

МСК матбуот маркази биносига киришда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Журналистларга ҳам маълумотларни аввалдан тайёрланган рўйхат бўйича беришган. Бунда ОАВ ходимларининг сумкасидаги буюмлар, уларнинг техникалари ёқиб текширилган.

Қайд этиш керакки, на аввалги президентлик сайловларида, на баҳорда ўтказилган парламент сайловларида бундай чоралар кўрилмаган.

Сайловда Тожикистоннинг амалдаги Президенти Имомали Раҳмон 90,92 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. 

Маълумот ўрнида, Душанбеда эҳтиёт чоралари кучайтирилишига Беларусь ва Қирғизистонда сайловдан кейин юз берган намойишлар сабаб бўлган бўлиши мумкин. Беларусда 9 август куни ўтказилган президентлик сайловидан кейин бошланган тинч намойишлар ҳамон давом этяпти.

Қирғизистонда ҳам 4 октябрь куни куни ўтказилган парламент сайловидан кейин намойиш ва тартибсизликлар бошланди. Бир-бирига мухолиф сиёсий кучларнинг тарафдорлари давлат идораларини, ҳатто парламент ва Президент администрацияси жойлашган Оқ уй ва Ҳукумат уйини эгаллаб олди. Бишкекда вазият ўтган ҳафта охирида тинчий бошлади. Пойтахтда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ҳам бунга ижобий таъсир ўтказди.


Мақола муаллифи

Теглар

Душанбе

Баҳолаганлар

199

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг