Беларусда сайловлар: Минскда намойишчилар ва ОМОНчилар ўртасида тўқнашувлар бошланди

Олам

image

Аввалроқ, Беларусда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Унда амалдаги Президент Александр Лукашенко кўплаб норозиликларга қарамай олтинчи марта ҳам номзодини илгари сурганди.

Ҳаммаси сайловнинг дастлабки натижаси эълон қилингач, бошланди. Беларусь Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенко 5 ҳудудда устунликка эришгани ва 82 фоиз овоз олганини эълон қилди.

Шундан сўнг Минск кўчаларида Лукашенкога қарши намойишлар бошланди. Сайловларни кузатиш бўйича “Ҳалол одамлар” мустақил ассоциацияси кузатувчилар йўл қўйган 5096 та қоидабузарликни аниқлаган.

Улар шунингдек, МСК тақдим этган явка статистикасини ҳам шубҳа остига олган. Гуруҳ сайловларда 70 нафар атрофида кузатувчи ҳибсга олинганини маълум қилди.

Интернетни кузатиш хизмати Netblocks маълумотига кўра, сайлов участкалари ёпилганда кўплаб интернет-провайдерлар ишламай қолган.

Минскнинг катта қисми норозилик намойишларидан қочиш учун полиция томонидан тўсиб қўйилган.

Маълумотларга кўра, баъзи сайлов участкаларида асосий мухолиф номзод Светлана Тихановская Лукашенкодан ўзиб кетган.

Аввалроқ, шу куни Лукашенко мухолиф намойишчиларни огоҳлантирган.

“Агар сиз мамлакатимизга қарши боришга ёки давлатда тартибсизлик келтириб чиқаришга уринсангиз зудлик билан мендан жавоб оласиз”, деган Лукашенко.

Беларусда сўров 19:00 да тўхтатилди, бироқ Минскда одамлар сайлашда давом этди. Уларнинг сайлов участкасида навбатда турган ҳолатлари суратга муҳрланган.

Сергей Гриц / AP Photo

Сайловдан бир кун олдин эса асосий мухолиф номзод Тихановскаянинг сайлов кампанияси раҳбари ҳибсга олинди. У турмуш ўртоғи қамоққа олингач, ўз номзодини илгари сурганди. Кампанияга яқин бошқа бир одам Вероника Цепкало Москвага қочиб кетди.

Беларусь МСК соат 18:00 ҳолатига явка 79 фоизга етганини маълум қилди.

Сайлов комиссияси раҳбари Лидия Ермошина мағлуб бўлган номзодларни ғолибни табриклашга ва оммани намойиш кўтаришга ташвиқ қилмасликка чақирди.

Сайловнинг биринчи турининг расмий натижалари бугун, 10 августда эълон қилинади. Номзод биринчи турда мутлақ ғалабага эришиши учун 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши керак.

Минск аллақачон намойишларга қаршилик кўрсатишга шай ҳолатга келган. Кўчаларга блок-постлар ўрнатилган, ҳукумат бинолари ўраб олинган.

Пойтахтда “Минск қаҳрамон шаҳар” ёдгорлиги олдида намойишчилар ва ОМОН ўртасида тўқнашувлар бўлгани айтилмоқда.

Гувоҳлар ва журналистларнинг маълум қилишича, ОМОН мухолифатни ҳайдаш учун резина ўқ ва сувдан фойдаланган.

Ҳодиса жойига бир нечта тез тиббий ёрдам машинаси кетаётгани кўрилган.

Намойишчиларнинг ОМОНчилар билан курашаётгани акс этган кадрлар тарқалди. Бир неча киши ҳибсга олинган.

Одамлар кўчада Лукашенкога “кет!” дея ҳитоб қилган. Бундай намойишлар Брест ва Жодино шаҳарларида ҳам ўтказилган.

Минскдаги қарама-қаршилик бир неча соат ўтиб якунланди. Ҳукумат вазият назоратга олинганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусда сайлов

Баҳолаганлар

229

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг