Беларусь куч ишлатишдан тийилиши керак – Меркель Путинга шикоят қилди
Олам
−
18 Август 2020
9341Бугун, 18 август куни Германия канцлери Ангела Меркель Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, Беларусдаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Меркель мулоқот вақтида Беларусь ҳукумати тинч намойишчиларга нисбатан куч ишлатишдан тийилиши кераклигини таъкидлади.
Канцлер инқироздан ўтиш учун Беларусь ҳукумати тинч намойишчиларга куч ишлатишни зудлик билан тўхтатиши, сиёсий маҳбусларни озод қилиши, мухолифат ва жамоатчилик билан мулоқотни бошлаши кераклигини айтган.
Билдирилишича, Европа Иттифоқи президентлик сайловидан кейин бошланган оммавий намойишларни куч билан тарқатишга урингани учун Беларусь Президенти Александр Лукашенкога санкция жорий қилиш ҳақида ҳам ўйламоқда.
Лукашенко кеча, 17 август куни Лукашенко янги сайлов ўтказиш учун янги Конституция қабул қилиш кераклигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни президентлик сайлови ўтказилди. Унда 26 йилдан бери мамлакатни бошқараётган Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг энг яқин таъқибчиси мухолиф номзод Светлана Тихановская 10,1 фоиз овоз йиғди.
Шундан сўнг, Минск ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди. Етти кундан бери мамлакатда ҳар куни норозилик намойиши ўтказиляпти.