“Менинг айбим йўқ”. Покистонда ўзбекистонлик аёл ҳибсда сақланмоқда

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ходими Карачи шаҳрида жойлашган Марказий аёллар қамоқхонасига бориб, мазкур муассасада вақтинча сақланаётган ўзбекистонлик аёл билан суҳбат уюштирди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди. 

Ўзбекистон фуқароси Покистонга 2024 йил декабрда Мальдив фуқароси бўлган шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи билан тадбиркорлик қилиш мақсадида борган. У шу йилнинг январь ойида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳга турмуш ўртоғи билан шерикликда гумонланиб, ҳибсга олинган ва Карачи шаҳридаги Марказий аёллар қамоқхонасига жойлаштирилган. Айни пайтда суд жараёни давом этяпти.

Фуқаро хорижлик турмуш ўртоғининг ёлғон ваъдаларига ишониб, Покистонга келгани ва гиҳёванд моддалар савдосига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган ҳолда, элчихонага озодликка чиқишига ёрдам сўраб мурожаат йўллаган.

Ўзбекистон дипломатлари фуқаронинг мурожаати асосида у билан бир неча бор суҳбат ўтказган. Тергов тафсилотлари ўрганилган. 

Ўзбекистонлик аёлнинг айтишича, дипломатик ваколатхона ходимларининг мазкур ишга аралашувидан сўнг, унга қўйилган айбловлар холис кўриб чиқиляпти.

 “Ўзбекистон элчихонаси кўмагида менга янги адвокат ёлланди. Мен ўзимни бутунлай айбсиз, деб биламан. Афсуски, турмуш ўртоғимнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, ўз она ватанимни ташлаб бу ерларга келиб, шу ҳолатга тушиб қолдим. Мамлакатимиз дипломатлари менинг ҳолимдан доим хабар олиб турибди. Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбарига ва дипломатларга хорижий давлатда бўлган фуқаросини ўз ҳолига ташлаб қўймагани ва менинг озодликка чиқишим учун амалга ошираётган ҳаракатлари учун миннатдорлик билдираман”, деган аёл. 

Учрашув давомида фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Шунингдек, фаол ватандошлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим кечаклар ва пул маблағи берилган. 

Аёлга Покистон томонидан ажратилган адвокат мазкур ишни кўриш жараёнида сусткашликка йўл қўйгани учун у билан келишув бекор қилиниб, элчихона томонидан бошқа адвокат ёлланган. 

Сафар давомида ушбу адвокат билан ҳам мулоқот ўтказилган. Янги жалб қилинган адвокат аёлнинг озодликка чиқиш имконияти юқори эканини маълум қилган. Таъкидлашича, аёлнинг малдивлик турмуш ўртоғи ҳам унинг айбсизлигини тасдиқлаган ва хотинининг озодликдан чеклаш даври учун маънавий зарарни қоплаб беришга ва ўзи қонуний жазо олишга тайёрлигини билдирган. 

Хизмат сафари давомида элчихона ходими Карачи шаҳридаги Марказий аёллар қамоқхонаси раҳбари билан ҳам учрашган. Суҳбат давомида муассасада бўлган Ўзбекистон фуқаросининг ҳолати муҳокама қилинган. Уни тез орада Ўзбекистонга қайтариш имкониятлари хусусида фикр алмашилган.

Муассаса раҳбарининг айтишича, аёл ўзининг одоб-ахлоқи, тарбияси, атрофидагиларга бўлган муносабати билан бошқалардан ажралиб туради.
 
Суҳбат давомида аёлнинг дам олиши, яқинлари билан учрашиши, телефон орқали мулоқот қилиши, адвокат билан учрашиши, ўз вақтида тиббий хизматдан фойдаланиши учун имкониятларни янада кенгайтиришга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Сакарья вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида сақланиб келган Ўзбекистон фуқароси озод қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

элчихона Покистон Карачи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг