Мен Ўзбекистонимдан мамнунман ва ҳатто фахрланаман – Каннаваро
Sport
−
10:33 1131 2 minutes
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жаҳон чемпионатида катта тажриба орттиргани ва ҳозирги фаолиятидан мамнун эканлигини айтди. Бу ҳақда италиялик мутахассис “La Gazzetta dello Sport” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Мен Ўзбекистонимдан мамнунман ва ҳатто фахрланаман. Биз янги йўлни бошладик, таркибнинг ўртача ёшини сезиларли даражада пасайтирдик ва яхши натижаларга эришдик. Ўйинларда ишончли ғалабаларни қўлга киритдик. Ҳатто Жанубий Кореяга қарши мағлубиятдан кейин ҳам майдонни ўз ўйинимиздан қониқиш ҳосил қилган ҳолда тарк этдик”, дейди Каннаваро.
Италиялик мутахассис Ўзбекистондаги фаолиятидан катта завқ олаётганини ва жамоа танланган йўлдан мамнунлигини билдирган. Унинг айтишича, Жаҳон чемпионатидаги иштирок жамоа учун қимматли тажриба бўлган.
“Мен ўз ишимдан катта завқ оляпман. Ўзбекистонда биз танлаган йўлдан мамнунмиз. Жаҳон чемпионатида катта иштиёқ билан иштирок этдик ва бу мусобақа бизга қимматли сабоқлар берди. Натижалардан қатъи назар, биз янада кучлироқ бўлдик. Бу мен учун унутилмас ой, ҳаётимдаги энг яхши даврлардан бири бўлди. Ҳозир менинг вазифам ҳам, футболга бўлган қарашим ҳам бошқача”, дейди мураббий.
Шунингдек, мураббий терма жамоадаги илк ўйинини ўтказишига имконият берилган футболчи ҳақида тўхталди.
“Биз миллий терма жамоадаги илк ўйинини ўтказишига имконият берган футболчимиз бор. У ўша учрашувдан уч кун ўтиб 17 ёшга тўладиган йигит эди. Бундай ҳолатдан қандай қилиб мамнун бўлмаслик мумкин? Энди бизни Осиё кубоги кутмоқда. Гуруҳимиз осон эмас, аммо мусобақага шу пайтгача тўплаган тажрибамиз билан тайёрланамиз. Федерация ҳам биргаликда амалга оширган ишларимиздан мамнун”, дейди Каннаваро.
Маълумот учун, 2027 йилги Осиё кубоги 7 январдан 5 февралгача Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси “B” гуруҳида Баҳрайн, Шимолий Корея ва Иордания терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган халқаро танаффус пайти сафарда Саудия Арабистони терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши ҳақида хабар берилганди.
Live
All