Меликов Махачқалъада ушланганларга Украинадаги урушга боришни маслаҳат берди
Олам
−
30 Октябрь 2023
7065Доғистон раҳбари Сергей Меликов Махачқалъа аэропортида қўлга олинганларни Украинадаги уруш зонасига кўнгилли бўлиб боришга таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 30 октябрь куни журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
“Бизда ҳозирча улар ҳуқуқбузарлик учун ушлаб қолиниб, ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудга жўнатилади, деган нарса йўқ. Ватанимиз манфаатлари йўлида жанговар топшириқларни бажараётган одамлар буни онгли равишда амалга ошириши керак. Агар ҳибсга олинган ғалаён иштирокчиларининг ҳар бири шармандаликни ювиш мақсадида кўнгилли бўлинмалар таркибида қатнашиш ёки Қуролли Кучлар билан шартнома тузиш учун ўз хоҳишини билдирса, мен буни фақат мамнуният билан қабул қиламан, лекин ҳеч қандай махсус чоралар йўқ”, деган Сергей Меликов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 октябрь куни Махачқалъа аэропортида Яқин Шарқдаги вазият кескинлашаётган бир пайтда Тель-Авивдан мунтазам рейс келиши муносабати билан оммавий тартибсизликлар юз берганди. Бир неча юз киши аэропорт биносига ва аэродромга кирган, кейинроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан мажбуран чиқариб юборилганди. Охирги маълумотларга кўра, 20 дан ортиқ киши, жумладан полициячилар яраланган, 60 нафар киши қўлга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь