Махачқалъа аэропортида Исроилдан қайтган самолёт туфайли тартибсизлик юз берди (видео)

Олам

image

Кеча, 29 октябрь куни кечқурун Россия Федерациясидаги Доғистон республикасининг пойтахти Махачқалъадаги халқаро аэропортга оломон бостириб кирди. Ғазо секторидаги уруш пайтида Исроилдан келган самолёт туфайли тартибсизликлар бошланди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Одамлар аэропорт яқинида тўплана бошлаган. Маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Тель-Авивдан самолёт етиб келган. Аэропортга келган оломон Исроилдан учиб келган йўловчиларни топиш учун одамларнинг паспортларини текширишни бошлаган. 

Шундан сўнг, йиғилганлар аэропортнинг халқаро терминал биносига бостириб кириб, уни тўсиб қўйган ва учиш-қўниш йўлагига чиқиб кетган.

Соат 21:33 да Федерал ҳаво транспорти агентлиги Махачқалъа аэропорти "номаълум шахсларнинг кириб келиши" сабабли учиш ва келиш учун ёпилганини эълон қилган. Билдирилишича, "вазият нормаллашгунга қадар" учта рейс, жумладан, Москва ва Сургут рейси қолдирилган.

Доғистон миллий сиёсат вазири Энрик Муслимов аэропортга келиб, йиғилганлардан тарқалишни сўраган. У билан бирга вилоят ёшлар ишлари вазири Комил Саидов ҳам бўлган.

Федерал ҳаво транспорти агентлиги соат 22:20 га келиб, Махачқалъа аэропорти аэродроми "рухсатсиз фуқаролардан озод қилинганини маълум қилган. Айтилишича, Махачқалъа аэропорти 31 октябргача самолётларни қабул қилиш учун вақтинча ёпилади. 

Доғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, тартибсизликлар оқибатида жароҳатланганлар бор. 20 киши, жумладан полициячилар ҳам яраланган.

“60 киши қўлга олинди, жами 150 нафар тартибсизлик иштирокчиси аниқланди”, деб хабар қилган ИИВ.

Россия Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича департаменти ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 212-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Тергов ишлари республика прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг Шимолий Кавказ федерал округи бўйича департаменти тартибсизликларда иштирок этганларнинг барчасини аниқлашга ваъда бериб, аэропорт ва унинг атрофидаги ҳудудларда видеокузатув тизими мавжудлигини таъкидлаган.
Аэропортдаги тартибсизликлар туфайли Доғистон раҳбари Сергей Меликов бошчилигидаги "ижтимоий-сиёсий вазият билан боғлиқ" штаб тузилган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов аэропортга келганларнинг ҳаракатини қўпол қонун бузилиши деб атаган. 

“Барча доғистонликлар ноҳақ одамлар ва сиёсатчиларнинг ҳаракатлари қурбонлари азобига ҳамдард бўлиб, Фаластинда тинчлик бўлишини сўрайдилар. Аммо бизнинг аэропортимизда содир бўлган воқеа жуда ғалати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан тегишли баҳо олиши керак! Ва бу албатта амалга ошади! ” деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

У Доғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар Россиянинг хориждаги “душманлари” томонидан амалга оширилаётганини айтган.

“Доғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар, жумладан, миллий адоват ва динлараро муаммоларни қўзғатиш билан боғлиқ тақиқланган усулларни қўллаш бизнинг душманларимиз, мамлакатимизнинг мухолифлари томонидан амалга оширилмоқда”, деган Меликов.

Унинг сўзларига кўра, аҳолини митингларга чақирадиган постларни чоп этувчи Telegram-каналларидан бири Украина ҳудудидан назорат қилинади.

“Бугун биз “Доғистон тонги” канали Украина ҳудудидан сотқинлар томонидан бошқарилаётгани ҳақида мутлақо ишончли маълумот олдик”, дея қўшимча қилган у.

Шунингдек, Меликов Махачқалъа аэропортидаги тартибсизликлар чоғида икки полициячи яраланганини айтди.

Доғистон муфтийси Аҳмад Абдуллаев эса “Фаластинда ҳозир ҳалок бўлаётган мусулмонлар учун” хавотирда эканини ва одамларнинг ғазабини тушунишини айтган, бироқ у ҳам муаммони аэропортга бостириб кириш ва погромлар билан ҳал қилиб бўлмайди, деган фикрда.

Махачқалъа воқеаларидан сўнг Бош вазирлик идораси ва Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини Исроил фуқаролари ва яҳудийларнинг “қаерда бўлмасин” хавфсизлигини таъминлашга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Доғистон Исроил Ғазо Махачқалъа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг