Мексикада аномал иссиқ оқибатида 112 киши ҳалок бўлди
Олам
−
30 Июнь 2023
3538Сўнгги бир неча ҳафта ичида Мексикада аномал иссиқ оқибатида 112 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда ABC телеканали хабар берди.
Шифокорларнинг қайд этишича, рекорд даражадаги юқори ҳарорат фонида ўлим даражаси айниқса мамлакатнинг шимоли-ғарбий ва жануби-шарқида тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Иссиқ уриш ва сувсизланишдан вафот этганларнинг аксарияти шимолий Нуэво-Леоне штатида кузатилган. У ерда 64 киши, Тамаулипасда 19, Веракрусда 15 ва Табаско штатида 14 киши вафот этган. Ўлим даражаси 2022 йилга қараганда деярли уч бараварга ошган.
Айтилишича, сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражага етган. Иссиқликдан ташқари Мексикада қурғоқчилик ҳам кузатилмоқда. Июнь ойининг ўрталарида одатда минтақада ёмғир ёғади, бу иссиқликни бироз пасайтиради, аммо бу йил ёмғирли мавсумнинг бошланиши кечикмоқда.
Мексика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг ёши 45 ёшдан 64 ёшгача бўлиб, 112 кишидан 104 нафари иссиқ уришдан вафот этган.
20 июнь куни эрталаб Мексика Миллий метеорология хизмати аномал иссиқ яна 10-15 кун давом этишини эълон қилган ва сурункали хасталикка чалинган аҳолига зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Техас штати Уебб округида 11 киши жазирама иссиқ оқибатида келиб чиққан касалликлардан вафот этганди. Шунингдек, Покистонда рекорд даражада иссиқ кузатилаётгани, Ҳиндистонда эса аномал иссиқ оқибатида 166 киши вафот этгани ҳақида хабар берилганди.