“Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди
Жамият
−
27 Май 2020
10182Ўзбекистон Республикаси Президенти “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармон билан беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келаётган фуқароларни тақдирлаш учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилди.
“Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:
• жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани;
• танти ва олижаноб халқимизнинг буюк тарихий ва маънавий қадриятларини, миллий анъаналарини муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни улуғлаб келаётгани;
• аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани;
• хайрия ва саховат маблағларини тўғри ва холис йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак беришдаги ташаббускорлиги;
• бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаоллиги;
• беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлгани учун мукофотланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрланишини таъминлайди.
LiveБарчаси