Меҳнат вазирлиги карантин вақтида ота-оналарни ишдан озод қилиш бўйича изоҳ берди
Бу қизиқ
−
16 Март 2020
18004Аввалроқ, Ўзбекистонга коронавирус кириб келгани сабабли мактабгача таълим ташкилотларида икки ҳафталик карантин эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бундай вазиятларда тарбияланувчиларнинг ота-оналарига таътиллар берилиши тартиби юзасидан қатор саволлар келиб тушаётганини маълум қилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, ота-оналар карантин сабаб мактабгача таълим муассасига бора олмаётган, белгиланган муддатдан вақтли таътилга чиққан ўқувчи-фарзандларига қаровни амалга ошириш уларнинг меҳнат муносабатларига қай тарзда таъсир ўтказиши, бунда уларга имтиёзлар бериш-берилмаслиги билан қизиққан.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юзага келаётган ҳолатлар бўйича қуйидагиларни маълум қилди.
Фарзанди мактабгача таълим муассаси тарбияланувчи ёхуд бошланғич синф ўқувчиси бўлган, ишлайдиган она ёки отага иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга кўра, фойдаланилмаган йиллик меҳнат таътили (Меҳнат кодекси 133-модда) таътиллар жадвалидан қатъий назар берилади.
Агар ходим йиллик меҳнат таътилидан аввал фойдаланган бўлса ёки карантин тадбирлари ўтказилаётган даврда йиллик меҳнат таътилидан фойдаланиш истагини билдирмаса, ёки биринчи иш йилида йиллик меҳнат таътилини олиш учун зарур бўлган иш стажи (олти ойдан кам бўлмаган меҳнат фаолияти)га эга бўлмаса, (Меҳнат кодекси 143, 144-модда) иш берувчи томонидан ходимларга уларнинг розилиги билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади (Меҳнат кодекси 150-модда) ёки улар иш вақти тўлиқ бўлмаган (Меҳнат кодекси 119-модда) ишга ўтказилади. Бунда ишланган иш вақтига мутаносиб равишда иш ҳақи тўланади.
Шунингдек карантин тадбирлари даврида иш берувчи ходим (айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар, сурункали касалликларга чалинган шахслар)ни уларнинг розилиги билан масофавий (дистанцион) меҳнат ва касаначилик асосидаги меҳнатга ўтказиши мумкин.
Бунда ходим томонидан масофавий меҳнат доимий иш жойидан ташқарида, техник воситалар (компьютер, алоқа воситалари, шу жумладан Интернетга уланиш ва ҳ.к.) мавжуд бўлган тақдирда электрон ҳужжатлар алмашинувидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйилади. Касаначилик асосидаги меҳнат эса қонунчиликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг масофавий таълим жараёнига жалб этилган ходимлар, шунингдек, карантин чоралари даврида таълим ташкилотларининг ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган ходимларнинг иш ҳақи сақланиб қолинади.
Таълим муассасаларининг бошқа ходимларига меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда йиллик меҳнат таътили ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил берилади, ёки иш вақти тўлиқ бўлмаган ишга ўтказилади.
"Юқоридаги ҳолатларнинг бари иш берувчи ҳамда ходимнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади", дея қўшимча қилган вазирлик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат кеча, 15 март куни соат 06:00 да қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган бемор – олий тоифали шифокор 11 март куни Франциядан қайтган бўлган. Мамлакатдаги қолган 5 беморнинг 4 нафари биринчи беморнинг яқин қариндошлари. Бир нафар бемор эса кеча, 15 март куни соат 05:15 Истанбул-Тошкент рейсида Туркиядан Ўзбекистонга келган.
Маълумот учун, дунё бўйича 170 002 киши коронавирусга чалинган. Шундан, 6524 нафар бемор вафот этган, 77 778 нафар бемор хасталикдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь