Маск уни боқимандаликда айблаган сенаторга “ответ” қилди
Олам
−
20 Декабрь 2021
8549Американинг Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари, миллиардер Илон Маск жорий йилда тарихдаги барча америкаликларга қараганда кўпроқ: 11 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўлайди. Бу ҳақда миллиардер кеча, 19 декабръ куни Twitter саҳифасида маълум қилди.
Ўтган ҳафта АҚШ Конгресси сенатори Элизабет Уоррен Маскни “бировнинг ҳисобидан яшаш”ни тўхтатишга ва солиқ тўлашга даъват қилганди. Миллиардер эса бунга жавобан твит қолдирган.
“Қизиқувчилар учун: бу йил 11 миллиард доллардан ортиқ солиқ тўлайман”, деб ёзади Маск саҳифасида.
Жорий йил июнь ойида “ProPublica” ташкилотининг америкалик миллиардерлар томонидан тўланган даромад солиғи миқдори ҳақидаги маълумотларни эълон қилиши бойлик солиғи талабларини келтириб чиқарди ва бу АҚШ Ички даромадлар хизмати томонидан тергов мавзусига айланди. Журналистик суриштирувлари билан машҳур портал маълумотларига кўра, 2014-2018 йилларда энг бой америкаликлар тўлаган даромад солиғи уларнинг умумий бойлиги ўсишининг бир неча фоизини ташкил этади. Маскнинг бойлиги беш йил ичида 13,9 миллиард долларга ошди, даромади 1,52 миллиард долларга етди, даромад солиғи эса 455 миллион долларни ташкил қилди. Маск беш йил давомида орттирган бойлигининг 3,27 фоизи миқдорида солиқ тўлаган. Гарчи қонун нуқтаи назаридан миллиардерларга қарши ҳеч қандай даъво йўқ бўлса-да, лекин бундай маълумотларнинг нашр этилиши кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Барно Дусиярова