Маск Исроил бўйича айбловни рад этди
Технология
−
11 Октябрь 2023
11647Европа Комиссиясининг комиссари Тьерри Бретон Х ижтимоий тармоғини Исроил-Фаластин можароси ҳақидаги “ноқонуний контент ва дезинформация” тарқатганликда айблаб хат юборди. Платформа эгаси Илон Маск эса ушбу хатга жавоб қайтарди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Европа комиссари Бретон ўз мактубида Маскдан 24 соат ичида жавоб беришни ва ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишини билдирган.
Тадбиркор эса ўзининг расмий саҳифасида ушбу айбловга жавоб қайтарди. Маскнинг айтишича, ижтимоий тармоқ юритаётган сиёсат очиқ ва шаффоф. Шунингдек, у Бретондан жамоатчилик кўриши учун Х томонидан содир этилган қонунбузарликларни санаб беришини сўради. Ушбу илтимосдан сўнг, Маск француз тилида: “Катта раҳмат” деб ёзган.
Эслатиб ўтамиз, Х ижтимоий тармоғи Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашуви фонида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан боғлиқ кўплаб янги аккаунтларни ўчириб ташлаганди.