Марказий Осиёда иккинчи мамлакат Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувга муносабат билдирди
Олам
−
28 Сентябрь 2020
13774Қозоғистон Республикаси ҳам Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланган қуролли тўқнашув бўйича хавотир билдирди. Махсус баёнот Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.
“Қозоғистон 27 сентябрда Тоғли Қорабоғда рўй берган Арманистон-Озарбайжон можаросининг авж олишидан чуқур хавотир билдирмоқда.
Биз дўст Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини вазиятни барқарорлаштириш, куч ишлатишдан воз кечиш ва музокараларни бошлаш учун барча чораларни кўришга чақирамиз.
Биз халқаро ташкилотлар диорасида зиддиятни ҳал қилишнинг тинч йўлларини излашда ёрдам беришга тайёрмиз. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг амалдаги раиси сифатида биз Кенгашнинг мавжуд бўлган ишончни мустаҳкамлаш чоралари пакетидан фойдаланишни таклиф этамиз”, дейилади баёнотда.
Ҳозиргача, Марказий Осиё мамлакатларидан фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон ушбу воқеаларга муносабат билдирди. Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистон ушбу масалада сукут сақламоқда.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланган тўқнашувларга турли давлат ва халқаро ташкилотлар муносабат билдиришни бошлади. Россия ҳар икки мамлакатдан қуролли тўқнашувларни тўхтатишни сўраган эди. Туркия эса, аксинча, бу тўқнашувда Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Арманистонни провакацияда, Минск гуруҳини эса 30 йилдан бери бу масалага кўз юмиб келишда айблади. Шунингдек, расмий Теҳрон ва НАТО ҳам томонларни музокаралар столига чақирганди. Ўзбекистон эса МДҲга раис мамлакат сифатида тарафларнинг ҳаракатларидан ташвишдалигини билдириб, уларни вазминликка чақирди. АҚШ Президенти Дональд Трамп тилга кириб, ҳолатни кузатаётганини ва унга бирор таъсир ўтказа олиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь