Марказий Осиё ва Озарбайжон. Қардошлик энди бизнесда.
Бизнес
−
15 Ноябрь 3630 6 дақиқа
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви арафасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан жорий йилнинг 13-14-ноябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Chimgan Resort” меҳмонхонаси ҳудудида “Чегарасиз ҳамкорлик” шиори остида халқаро “Great Silk Road Business Cooperation Forum – 2025” бизнес-форуми ўтказилди. Мазкур тадбир Марказий Осиё ва Озарбайжон тадбиркорларини ягона бизнес майдонида бирлаштириб, минтақадаги иқтисодий интеграцияни янги босқичга кўтариш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотни кучайтиришни мақсад қилади.
Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжондан келган вазирлик ва идоралар вакиллари, савдо-саноат палаталари, йирик компаниялар ҳамда хусусий секторнинг 300 га яқин иштирокчилари қатнашди. Тадбирнинг асосий қисмида ўтган пленар сессия “Марказий Осиё ва Озарбайжон: чегарасиз ҳамкорлик” мавзусида бўлиб, унда бизнеснинг асосий вазифаси – биргаликда ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва янги бозорларга чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Томонлар минтақада ягона ишлаб чиқариш занжири барпо этиш, маҳаллий хомашё асосида экспортбоп маҳсулотлар яратиш, логистика ва энергетика соҳаларида кооперацияни кучайтириш бўйича амалий таклифлар берди. 2017-2024 йилларда минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо икки баробарга ўсиб, қарийб 11 миллиард долларга етган. Энди эса ўзаро савдони қарийб икки баравар, яъни 20 млрд долларгача ошириш кўзда тутилмоқда. Тадбирда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам чиқиш қилиб, ўз нутқида ҳукуматлар тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорликка очиқлиги, уларга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Ушбу форум QALAMPIR.UZ объективлари томонидан бевосита тасвирга олинди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов илк маротаба ўтказилаётган Марказий Осиё – Озарбайжон бизнес форуми Президент Шавкат Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан олиб бораётган изчил сиёсати натижаси ўлароқ, айнан Марказий Осиё ва Озарбайжон раҳбарларининг Тошкентга сафари олдидан ташкил қилинганини таъкидлади.

“Айнан шу давлатлардан Топ-100 тадбиркорлик субъектларидан 150 га яқин, биздан эса 100 га яқин тадбиркор келган. Асосий мақсадимиз 120 миллиондан ортиқ аҳолиси бор бўлган ушбу давлатлар билан биргаликда учинчи бозорга маҳсулот билан чиқиш. Энди бир-биримиз билан рақобатчи эмасмиз, балки бошқа давлатларга қўшилган қиймати юқори маҳсулот билан чиқамиз. Кимдадир хомашё бор, кимдадир тайёр маҳсулот. Масалан, Озарбайжоннинг мева-сабзавоти билан Ўзбекистоннинг мева-сабзавоти энди Европа ва Америка бозорларига биргаликда чиқса, у ердаги расталарни тўлдириш имконини беради. Худди шундай қурилиш материалларида ҳам. Ҳар бир давлатнинг бошқа давлатлар билан қиладиган импорти бор. Агар шу импорт қилинаётган маҳсулотларни биргаликда кооперация қилсак, ҳам арзон, ҳам логистика жиҳатидан қулай, ҳам маҳсулот айланмаси ошади”, деди палата раиси.
Қирғизистоннинг “Doolot Trading” МЧЖ раҳбари Аидай Турсунбекованинг айтишича, минтақанинг энг катта кучи бу, аввало, халқнинг ўзи. Марказий Осиё халқларининг ривожланиши Хитой ва Россия таъсирида, шунингдек, туркий дунё маданий маконида шаклланган. Шу сабабли минтақа аҳолиси бошқа маданиятларни осон қабул қилади, дунёдаги ҳар қандай ўзгаришга тез мослаша олади. Бу эса Туркистон ўлкаларининг халқ сифатидаги кучли жиҳатидир.

Тожикистоннинг “HRBP LEAN SOLUTIONS” бош директори Санавбар Аюбова ушбу форум натижасида уч томонлама шартномалар орқали катта имкониятлар пайдо бўлишидан умидвор.
“Бу нафақат бизнес тузилмалари, балки ҳукуматлар ва инвесторлар билан ҳам ишлаш имконини беради. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташкил қилган бу форум олтита давлатни бир майдонда жамлагани барчамиз учун катта фойда келтиради”, дейди у.
Озарбайжоннинг “Nabucco AC” МЧЖ асосчиси Камолиддин Мансумов ўзи фаолият юритаётган йўналиш ҳақида гапириб берди.
“Бизнинг компания қурилиш соҳасида, аниқроғи, металл конструкцияси бўйича ихтисослашган. Биз бир швед компаниясининг расмий вакилимиз. Металл конструкция бўйича жуда муҳим ва мукаммал тизимга эгамиз. Бу тизим фақат бизда бор, бошқа ҳеч бир компанияда мавжуд эмас. Бу жуда аҳамиятли технология бўлиб, биз уни Ўзбекистонда саноат бинолари, спорт комплекслари, олимпия иншоотлари каби лойиҳаларда қўллаймиз. Яъни, бу тизим орқали жуда чиройли ва замонавий бинолар қуришимиз мумкин”, деди у.
Қозоғистоннинг “Grata International” фирмаси директори Самат Даумов Ўзбекистонда уч йўналишда фаолият юритишини айтади:
“Биз бу ерга аллақачон инвестиция киритганмиз. Биринчиси – клиник-диагностика лабораторияси Open Lab. Иккинчиси – Grata юридик фирмаси. Бу энг йирик халқаро юридик фирмалардан бири бўлиб, Тошкентда ҳам офисимиз бор. Учинчи йўналиш реклама компаниямиз. Биз Самарқанд аэропортида реклама оператори сифатида фаолият юритамиз”, дейди инвестор.

Туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари Иттифоқи раиси Муҳаммад Мусаев минтақа мамлакатларида Европа, Америка, Хитой, Россия каби катта кучлар беллашаётганини, фонд бозори ўсиб, ишлаб чиқариш кўпайиб бораётганини таъкидлади ҳамда тадбиркорлар ва инвесторлар учун ҳуқуқий ва хавфсиз тизим яратиш зарурлигини урғулади.
“Биз бу ерда ҳатто энг муҳим масалалардан бири арбитраж судларининг ташкил этилишини ҳам муҳокама қилдик. Истанбулда йиғилганимизда ҳам Ислом ҳамкорлик ташкилотининг арбитраж марказида учрашган эдик. Яъни, ким инвестиция қилса, инвестор ўзини ҳимояланганини кўриши керак. Агар у ерда инвестор ҳимояланса, демак, у ерда инвесторга ҳеч ким тегинолмайди”, деди у.

“ТХТ Group” компанияси асосчиси Хуршид Тўраев фаолият юритаётган қурилиш соҳасида Озарбайжон ва Қозоғистон каби давлатлар пешқадамлигини айтиб, мазкур форум орқали бошқарув тизими, баланд бинолар қурилиши бўйича етакчи компаниялар раҳбарлари билан фикр алмашиш имконияти яратилганини билдирди.
“Ҳозир Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг бирга ишлаши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Фақат баъзи масалалар бор: масалан, Қозоғистонда кўпроқ ишлаб чиқарилади, бизда эҳтиёж бор; ёки бизда ишлаб чиқарилади, қўшниларимизда эҳтиёж бор. Шуларни ўзаро келишган ҳолда йўлга қўйиб олишимиз керак, бошқа тўсиқ йўқ”, дейди тадбиркор.

Озарбайжоннинг “Techpro DC” компанияси асосчиси Нигор Ҳасанова тадбирнинг асосий мақсади бизнесга ёрдам бериш эканини қайд этди. У иштирокчи мамлакатларда ички қонунчилик, логистика ва солиқ тизимининг мослаштирилиши муҳимлигини, бу бизнесга, айниқса IT соҳаси учун катта ёрдам беришини таъкидлади. Ҳасановага кўра, форумда айнан шу масала ҳам муҳокама қилинмоқда.
“Умумий интеллектуал платформа зарур. Унда ҳар бир мамлакат ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар бўйича ўз натижаларини тақдим эта олади. Шу орқали барча мамлакатлар биргаликда келишилган ҳолда умумий режалар ва стратегиялар ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириш имконига эга бўлади”, деди Ҳасанова.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.