Марҳумнинг фарзандлари ички ишлар касбига нафрат билан улғаяди – Депутат Андижон воқеаси ҳақида
Жамият
−
25 Июнь 2020
9154Андижон шаҳар ИИБдаги қийноқлар сабаб шифохонада вафот этган А.Абдукаримов фожиасини 2005 йилдаги “Андижон воқеалари”га тенглаштирган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Ағзамова вафот этган фуқаронинг фарзандлари Ички ишлар ходимларига нисбатан нафрат билан улғайишига шаъма қилди. Бу ҳақда у “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида ўтган жамоатчилик мулоқотида гапирган.
“Бир нарса мени ўйлантиряпти: ички ишлар ходимлари томонидан калтакланиб, вафот этган фуқаронинг фарзандлари етим қолди. Энди унинг беваси фарзандларига ички ишлар касбига нисбатан илиқ туйғуни уйғота олмайди, соҳа ходимларига салбий муносабатини ўзгартириши қийин кечади”, дейди депутат.
Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚБ тезкор вакили Э.Райимжонов, ҳамкасблари Ф.Ҳусанбоев ва Қ.Қодировлар билан бирга фуқаро А.Сотволдиевнинг “Рубин” номли қимматбаҳо тошини олиб қайтариб бермаётган А.Абдукаримов (марҳум)га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб 2020 йил 17 апрель куни ёзган аризаси юзасидан ўзбошимчалик билан текширув олиб борган. 30 май куни А.Абдукаримов шифохонага ётқизилган, 11 июнь куни вафот этган.
Ҳолат бўйича қуйидаги чоралар кўрилган:
• Э.Райимжонов, Ф.Ҳусанбоев ва Қ.Қодировларга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган;
• Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ бошлиғи подполковник П.Н.Мамажонов ва 4-сон ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси капитан А.А.Турақулов ички ишлар органлари сафидан бўшатилган;
• Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган;
19 нафар ходим турли интизомий жазо олган.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани, Лангар қишлоғида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро Ю.Абдираҳмонов 22.01.2020 йил соат 19:00 ларда Чироқчи тумани ИИО ФМБ маъмурий биносига олиб келинган ва соат 23:30 ларда бинонинг 3-қаватида жойлашган Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили капитан Б.Очиловнинг хизмат хонасида вафот этган.
Гулруҳ Ағзамова ички ишлар органларидаги юқоридаги каби ҳолатларга муносабат билдиришда давом этаркан, аслида бу танқидий қарашлар 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қарорда ҳам ўз ифодасини топганини, аммо қарор ижроси таъминланмаётганини қўшимча қилади.
“Бошимизга бирор ташвиш тушса, ички ишлар ходимларидан қонуний ҳимоя кутамиз. Лекин охирги вақтларда уларга ишонч қай даражада? 2017 йилдаги Президент фармонида ушбу тизим қониқарсиз баҳоланган, 10 дан ортиқ танқидий муносабат ҳамда фаолиятини яхшилашга доир таклифлар билдирилган, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” ҳар бир ходимнинг асосий хизмат бурчи экани қайд этилган эди. Тизимнинг ҳозирги ҳолати, ички муаммолари бартараф этилмаса, фуқароларимизни келажакда нималар кутяпти? Ишонч йўқолган пайтда одамларда қўрқув кучаймайдими?”, дейди Ағзамова.
Депутатнинг қайд этишича, Қонунчилик палатасида бу жиҳатларга эътиборни кучайтириш, тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш вақти келди.
Эслатиб ўтамиз, депутат бундан бир неча кун аввалги чиқишида шундан деганди:
“2005 йилдаги Андижон воқеаси мени қанчалик ларзага солиб йиғлатган бўлса, куни кеча яна шу ҳудудда содир бўлган хунрезлик мени нафратлантирди. Биринчисида Ватанни асрашга отланган халқ, бугун ўз фарзанди ўлимига сабабчи бўлиб турибди.
2005 йилдаги Андижон воқеаси сабабчиларини “Ватан хоинлари” деб атадик. Кечаги ҳолатда ёшгина аёлини тул қолдириб, 3 та норасидани етим қилганларни ким ёки нима деб атаймиз?! Пандемияда даврида шифокорлардан кейин қаҳрамонликка даъвогарлар шулар эмасмиди?!”
LiveБарчаси