“Андижон воқеаси”: Фуқарони ўласи қилиб калтаклаган ички ишлар ходимлари очиқ суд қилинадими?

Жамият

image

Андижон шаҳрида фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган ички ишлар органлари ходимлари устидан суд очиқ шаклда ўтказилади ва унда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин бўлади. Бу ҳақда бугун, 1 июль куни Олий суд раисининг Матбуот котиби Азиз Абидов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида айтиб ўтди.

“Ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, мазкур жиноят иши суднинг иш юритувига келиб тушгач, Жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари ҳамда очилик ва шаффофлик тамойиллари асосида кўриб чиқилиши таъминланади.

Ушбу иш бўйича очиқ суд жараёни ўтказилиб, суд мажлисларида матбуот, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин бўлади. Уларга суд жараёнини тўлиқ ва ошкора ёритишга барча шарт-шароитлар яратиб берилади”, деди Азиз Абидов.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятида қимматбаҳо тош ўғрилигида гумонланиб, 29 май куни соат 22:00 ларда ИИБга олиб келинган ва шафқатсизларча қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов орадан икки ҳафтага яқин вақт ўтгач, шифохонада вафот этганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг 3 нафар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилганди.

Жорий йилнинг 27 июнь куни ушбу жиноятга алоқадор деб топилган яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234, 235 ҳамда 227-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айб эълон қилинган.

Ҳозирда жами 5 кишига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

қийноқ Андижон воқеаси

Баҳолаганлар

674

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг