Президент танқидидан кейин ИИВ фуқаро ўлими учун узр сўради
Жамият
−
01 Июль 2020
12933Ички ишлар вазирлиги фуқаронинг Андижон шаҳрида ИИБ биносида калтакланиши ва шифохонада вафот этгани бўйича марҳумнинг яқинларидан узр сўради.
“30 май куни Андижонда содир бўлган ҳодиса бизнинг камчиликларимиз тўғрисида эслатиб туради.
Андижонда бўлган ҳолат юзасидан ҳар бир айбдор жавобгарликка тортилади ва тизимимизни шаффофлаштирамиз. Ҳолат юзасидан барчадан узр сўраймиз”, деди ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов Халқаро пресс-клуб сессиясида.
Ғиёсов воқеа содир бўлганидан кейин Андижон ИИБ раҳбарияти, ҳокимият, прокуратура вакиллари бориб, марҳумнинг оиласидан хабар олишгани ва узр сўрашганини маълум қилди.
“Даволаниш жараёнида ва вафот этганидан кейинги жараёнларда ёрдам беришган. Энди буларнинг оиласи ОАВда эълон қилишни хоҳламаган ва шунинг учун бу эълон қилинмаган”, дея қўшимча қилди Шоҳруҳ Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев селекторда Андижон ва Чироқчида ИИБдан фуқаронинг ўлиги чиққанини эслатиб, терговдаги қийноқлар масаласини қаттиқ танқид қилинганди.
“Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози.
Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар? Бу каби нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди?”, деган эди давлат раҳбари.
LiveБарчаси