Мактабларда кузги таътил қачон бошланиши айтилди
Жамият
−
28 Октябрь
11676Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимидаги умумтаълим, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари учун жорий ўқув йилининг кузги таътили 4 ноябрдан бошланиб, 10 ноябргача давом этади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, II чорак дарс машғулотлари 2024 йил 11 ноябрдан бошланади. Шундан келиб чиқадики, ўқувчилар кейинги ҳафтадан бошлаб бир ҳафта дам олади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилги 140-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ўқувчилар учун таътил кунлари қуйидагича белгиланган:
• кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;
• қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;
• баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;
• ёзги таътил - охирги босқичли назорат синови ўтказилган кундан (босқичли назорат ўтказилмайдиган синфлар учун ўқув йили тугаган кундан) бошлаб 1 сентябргача.
1-синф ўқувчилари учун эса февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.
Маълумот учун, таътилнинг охирги куни байрам (ишланмайдиган) кунга тўғри келиб қолган тақдирда, дарс машғулотлари кейинги иш кунидан бошлаб давом эттирилади. Байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган дарс машғулотларининг мавзулари ўқув дастурларини ихчамлаштирган ҳолда кейинги дарс машғулотларида ўтказилади.