Макроннинг Пекинга сафари Европа ва АҚШ ўртасидаги келишмовчиликни кўрсатди – “The Hill”
Олам
−
08 Апрель 2023
15386Франция Президенти Эммануэль Макрон 5-7 апрель кунлари Хитойга давлат ташрифи билан боргани Европа ва АҚШ расмийлари ўртасида Пекин бўйича давом этаётган келишмовчиликни кўрсатди. Бу ҳақда бугун, 8 апрель куни “The Hill” нашри хабар берди.
Манбага кўра, олий даражадаги музокаралар АҚШ ва Европа ўртасида Хитой билан қандай муносабатда бўлиш борасида ўсиб бораётган кескинликни кўрсатган.
Маълумки, Макрон Хитой раҳбари Си Цзиньпинни Украина ва Россия ўртасида тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнашга кўндирмоқчи эди. Жо Байден маъмурияти эса Пекин дунёни Хитой авторитар моделига кўра ўзгартиришга интилаётганидан хавотир билдирганди. Кўпчилик буни АҚШ ва Европа ўртасидаги Хитой билан қандай муносабатда бўлиш борасидаги тафовутлар деб ҳисоблайди.
Макроннинг Хитойга сафари Тайвань раҳбари Цай Инвэннинг АҚШга боргани билан таққосланади. 5 апрель куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти Цай Инвэнь билан учрашган. Америка томони Тайванга қурол сотишни давом эттириш зарурлигини эълон қилганидан кейин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бу борада норозилик билдириб, Пекиндан вазиятга нисбатан қатъий жавоблар берилишини билдирган.
Макроннинг ишбилармон доираларнинг ўнлаб вакиллари ҳамроҳлигидаги ташрифи эса Франциянинг Хитой билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш, балки мустаҳкамлаш истагини кўрсатган.
Бироқ Хитой билан муносабатларда Европанинг ўзида ҳам ички бўлиниш бор. Хусусан, Макронга ҳамроҳлик қилган Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Хитойга нисбатан шафқатсизроқ позицияни эгаллаган ва Европа Хитой билан иқтисодий муносабатларида хавфларни камайтириши кераклигини айтган. Бундай ёндашув эса Франция ва Германия позициясидан узоқлашган Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига яқинроқ кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президентининг Хитойга давлат ташрифи 5-7 апрель кунлари бўлиб ўтганди. 6 апрель куни Си Цзиньпин ва Макрон ўртасидаги музокараларнинг расмий қисми бўлди, унда Пекин ва Париж ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, Хитой ва Европа Иттифоқи муносабатлари, шунингдек, Украина инқирози муҳокама қилинди. Макронга Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамроҳлик қилди, бироқ у кўпинча иккинчи планга тушуб қолди.
LiveБарчаси